Россия ва Украина музокараларни якунлади. Натижалар қандай?
Олам
−
16 Май
22022Бугун, 16 май куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Украина ва Россия делегациялари ўртасида илк бор уч йиллик танаффусдан сўнг тўғридан тўғри музокаралар бўлиб ўтди. Учрашув тахминан 2 соат давом этди. Музокаралар ёпиқ эшиклар ортида ўтди, модератор сифатида эса Туркия Ташқи ишлар вазири Ҳоқон Фидан иштирок этди. Бу ҳақда “Haber Turk” хабар берди.
Музокаралар давомида Россия делегацияси Украина қуролли кучларини Россия ҳудудидан олиб чиқишни талаб қилган. Шунингдек, тўрт вилоят – Донецк, Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларидан ҳам Украина тўлиқ чиқиб кетиши сўралган.
Украиналик манбаларнинг ёзишича, бу талабларга Украина рад жавобини берган, бунга жавобан Россия делегацияси эса қўрқитиш билан жавоб йўллаган.
“Кейинги сафар бу вилоятлар сони бешга етади”, деган Россия делегацияси.
Баъзи манбалар бу бешинчи вилоят деб Суми ёки Днепропетровск вилояти назарда тутилганини тахмин қилмоқда.
Шу билан бирга, Украина делегацияси ҳарбийлаштирилмаган хавфсизлик зонаси яратиш таклифларини рад этган.
Украина Президенти Владимир Зеленский ҳам бугун, 16 май куни куни Албанияда Европа Сиёсий Ҳамжамияти саммитида нутқ сўзлаб, Россиянинг музокаралардаги жиддий ёндашувини шубҳа остига олган.
“Агар Россия жиддий бўлмаса, жаҳон ҳамжамияти бунга кескин жавоб бериши керак – энергетика ва молиявий санкцияларни кучайтириш орқали”, деган Зеленский.
У, шунингдек, 30 кунлик ўт очишни тўхтатиш режимини жорий этишга яна чақирган.
Баъзи бир тасдиқланмаган хабарларга кўра, музокаралар катта ахборот шовқини ва бир-бирини айблашлар фонида ўтган. Украина томони 2022 йилги Истанбул билан таққосланишидан қўрқаётганини, Россия эса бу сафар яна қатъийроқ шартлар қўйганини билдирган.
Расмий маълумотларга кўра, ҳозирча рухсат этилган, расман тасдиқланган битимлар ёки келишувлар йўқ. Музокаралар тўғрисида баёнотлар 20:00 (Тошкент вақти)да кутиляпти. Бу борада Украина делегацияси раҳбари Рустам Умаров матбуот анжумани ўтказади.
LiveБарчаси
17 Июнь