Россия ва МО давлатлари “Крокус теракти” ортидан ҳамкорликни кучайтирмоқчи

Олам

image

“Крокус Сити Ҳолл”даги теракт муносабати билан Россия ва Марказий Осиё давлатлари терроризмга қарши курашда ҳамкорликни кенгайтириш ниятида. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавровнинг Минскда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистонлик мавқедошлари ўртасида ўтган учрашуви якунлари бўйича Россия ТИВ тарқатган хабарда сўз борган. 

“Учрашувнинг барча иштирокчилари Москва яқинидаги “Крокус Сити Ҳолл” концерт залида содир этилган терактни кескин қораладилар ва Россия томонига самимий ҳамдардлик билдирдилар. Шу нуқтаи назардан вазирлар Россия ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида халқаро терроризмга қарши муросасиз курашда, жумладан, ихтисослашган кўп томонлама платформаларда, хусусан, МДҲ аксилтеррор маркази ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси доирасидаги ҳамкорликни изчил кенгайтириш тарафдори бўлишди”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хабарида. 

Вазирлар 2022 йил 14 октябрда Остона шаҳрида бўлиб ўтган “Россия-Марказий Осиё” биринчи саммити якунлари бўйича ўзаро ҳамкорликнинг боришини батафсил муҳокама қилган.  

“Иқтисодиёт, энергетика, транспорт, тиббиёт, экология, маданият ва таълим соҳаларида олти томонлама ҳамкорликка кўмаклашувчи тегишли тадбирлар рўйхати устида ишлашни якунлаш зарурлиги таъкидланди”, дейилади баёнотда. 

Шу билан бирга, томонлар Россиянинг экологик хавфларни бартараф этиш, сув соҳасини юқори технологияли ривожлантириш, сувни тежовчи илғор технологияларни жорий этишга кўмаклашиш бўйича таклифларига қизиқиш билдирган. 

“Минтақавий хавфсизлик масалалари, биринчи навбатда, қўшни Афғонистондаги инқирозли вазият ва улар билан боғлиқ Марказий Осиё давлатлари ва Россия учун хавфлар кўриб чиқилди”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл”нинг концерт залида бир гуруҳ қуролланган шахслар отишма бошлаган, кейин эса ўт қўйган. ИШИДнинг "Вилоят Хуросон" номли ячейкаси ҳужум учун жавобгарликни ўз зиммасига олди. Россия расмийлари теракт ортида Украина турганини даъво қилмоқда. ФХХ дастлаб терактга алоқадорликда гумон қилинган 11 кишини қўлга олганини маълум қилди. Ҳибсга олинганлардан тўрт нафари Тожикистон фуқароси ҳақида хабар берилди. ФХХ 31 март куни Доғистонда теракт тайёрлашда гумон қилинган тўрт нафар хорижликни қўлга олди. Ҳибсга олинганлардан бири теракт иштирокчиларига қурол ва пул берганини айтди.

Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Москва суди "Крокус" концерт залига ҳужум қилишда айбланган яна бир Тожикистон фуқароси Ёқубжон Юсуфзодани ҳибсга олганди. Кейинчалик ФХХ ходимлари Москва, Екатеринбург ва Омск шаҳарларида терактга алоқадорликда гумон қилинган уч нафар шахсни қўлга олди.


Мақола муаллифи

Теглар

МДҲ Сергей Лавров Марказий Осиё Крокус сити ҳолл Крокус теракти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг