Россия ва Эрон Каспий денгизида қўшма машғулотлар ўтказмоқда
Олам
−
22 Июль
4379Россия ва Эрон Каспий денгизида қўшма машғулотларни бошлади. Бу ҳақда Россия Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Машқларда Каспий флотилиясининг СБ-45 қутқарув кемаси иштирок этмоқда.
“Шартли равишда шикастланган кемага ёрдам бериш, сувда бўлган экипажни қидириш ва қутқариш, шунингдек фавқулодда кемани тортиб олиш кўникмалари ишлаб чиқилмоқда”, дейилади хабарда.
Шунингдек, СБ-45 кемалар ва қирғоқ иншоотларидаги ёнғинларни ўчириш, одамларни эвакуация қилиш, 60 метргача чуқурликка шўнғиш ишларини бажариш, денгиз юзасидан нефть маҳсулотларини йиғиш ва қидирув тадқиқот ишларини бажармоқда.
Ўз навбатида, Теҳрон Россия Федерацияси билан қўшма манёврлар дастурига тактик машқлар, қутқарув операцияларини ўргатиш ва қароқчиларга қарши курашиш бўйича ҳаракатлар киритилганини маълум қилди. Каспий денгизидаги машғулотларда Ислом инқилоби қўриқчилари корпусининг ҳарбий кемалари иштирок этмоқда.
Машғулотлар Эрон ташаббуси билан ташкил этилган бўлиб, бошқа иштирокчилар орасида Қозоғистон, Озарбайжон ва Туркманистон ҳарбийлари ҳам бор.
Маълумот учун, Россия Мудофаа вазирлиги июль ойида Эрон, Россия ва минтақадаги бошқа давлатлар иштирокида Каспий денгизида кўп томонлама қутқарув машғулотлари ўтказилишини маълум қилганди.
Азизбек Эшмаматов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь