Россия ва АҚШ НАТОни шарққа кенгайтирмаслик масаласида келиша олмади 

Олам

image

Женевада бўлиб ўтган Россия ва Америка Қўшма Штатлари учун хавфсизлик кафолатлари бўйича маслаҳатлашувларда НАТОни шарққа кенгайтирмаслик бўйича келишиб бўлмади. Бу ҳақда музокаралардан сўнг Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Сергей Рябков маълум қилди.  

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, бу борада ҳеч қандай муваффақиятга эришилмаган. НАТОни кенгайтирмаслик ва бу борада қонуний кафолатлар олиш мавзуси АҚШнинг жиддий эътирозларига сабаб бўлган. 

Рябков бу мавзуни Россия миллий хавфсизлиги, шунингдек, НАТО зарбалари кучларининг мамлакат чегаралари яқинида жойлаштирилмаслиги учун муҳим деб атаган. Дипломатга кўра, бу Россия томони орқага чекиниши мумкин бўлмаган талаблардир. 

Ташқи ишлар вазири ўринбосари Россия музокараларда қаттиқ позицияни эгаллаганини тан олган. 

“Аммо Россия қандайдир ультиматумлар қўйиш йўлидан борди, деганлар мутлақо адашади”, дея қўшимча қилган у. 

Унинг сўзларига кўра, Москва ўз талаблари бажарилмаса, унинг оқибатлари билан таҳдид қилмайди (ваҳоланки Президент Владимир Путин талаблар рад этилган тақдирда Россия томонидан “жуда бошқача” жавоблар бўлиши мумкинлигини тан олган). 

Рябков Россия ва альянс ўртасида манфаатлар мувозанати топилиши мумкинлигини инкор этмаган. 

НАТОни шарқда кенгайтирмаслик, собиқ СССР давлатларининг иттифоққа қўшилмаслик ва Украина ҳудудида ҳарбий фаолиятни тақиқлаш тўғрисидаги бандлар Россия томонидан иттифоқ ва иттифоққа юборилган хавфсизлик кафолати тўғрисидаги шартнома лойиҳасида келтирилган. 

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 12 январь куни Россия НАТО вакиллари билан Брюсселдаги учрашувда, эртаси куни эса ЕХҲТ йиғилишида бу масалани муҳокама қилишни давом эттиради.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ НАТО Россия

Баҳолаганлар

320

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг