Россия Ўзбекистоннинг Афғонистон орқали янги йўлак яратишини қўллаб-қувватлади

Жамият

image

Ўзбекистоннинг Афғонистон орқали янги транспорт йўлаги яратиш бўйича режасини Россия транспорт вазирлиги ҳамда РФ ҳудудий ҳокимиятлари қўллаб-қувватлади. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Қайд этилишича, Қозон шаҳрида бўлиб ўтаётган Ўзбекистон – Россия III ҳудудлараро ҳамкорлик форуми доирасида икки мамлакат ҳудудлари ўртасида транспорт-логистика, саноат, туризм ва ёшлар соҳаларида ўзаро ҳамкорликни кенгайтириш масалалари муҳокамаси юзасидан панель сессиялари ўтказилган.

Вазирлик матбуот хизмати берган маълумотларга кўра, учрашув иштирокчилари халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш бўйича ишларни давом эттириш, янги мультимодал йўналишлар, жумладан, Беларус-Россия-Қозоғистон-Ўзбекистон-Афғонистон-Покистон йўналишини яратиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга келишиб олган.

Шунингдек, ўзаро савдо ва транзитни ривожлантиришга хизмат қиладиган транспорт-логистика соҳасидаги минтақавий лойиҳаларни миллий режаларга киритиш бўйича мулоқотни давом эттириш таклифи киритилган.

Бундан ташқари, форум иштирокчилари Евроосиё қитъасининг транспорт тизимини мустаҳкамлаш мақсадида давлат чегараси орқали ўтказиш пунктлари инфратузилмасини ривожлантириш соҳасида мувофиқлаштирилган чора-тадбирларни амалга ошириш ниятида эканликларини билдирган.

Тадбир қатнашчилари иқтисодиёт эҳтиёжларини қондиришда янги транспорт инфратузилмасини яратиш ва мавжудларини модернизация қилиш муҳим аҳамиятга эгалигини инобатга олиб, Россия ва Ўзбекистон ҳудудлари орқали ўтувчи халқаро транспорт йўлакларини ривожлантириш соҳасидаги лойиҳаларни ўзаро мувофиқлаштиришга келишиб олган.


Мақола муаллифи

Теглар

Афғонистон Ўзбекистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг