Россия Ўзбекистонга газ етказиб бериш ҳажмини оширмоқчи
Жамият
−
18 Октябрь 4660 2 дақиқа
Россия Ўзбекистонга газ , жумладан, суюлтирилган табиий газ кўринишида ҳам, етказиб бериш ҳажмини ошириш катта истиқболларга эга эканини кўрмоқда. Бу ҳақда Россия Энергетика ҳафталиги доирасида Россия Бош вазири ўринбосари Александр Новак билан Ўзбекистон Энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ўртасидаги учрашувдан сўнг 16 октябрь куни Россия ҳукумати матбуот хизмати хабар берди.

“Газпром” Ўзбекистонга йилига 7,7 млрд куб метр табиий газ етказиб бериш бўйича шартномани амалга оширишда давом этмоқда. Шу билан бирга, газ етказиб бериш ҳажмини ошириш бўйича, жумладан, суюлтирилган табиий газ орқали ҳам, катта имкониятлар мавжуд”, дейилади хабарда.

Бундан аввал “Газпром” раҳбари Алексей Миллернинг маълум қилишича, 2025 йил январь-август ойларида Россиянинг Марказий Осиё (Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон)га газ етказиб бериши 15 фоизга ошган. 2024 йил якуни бўйича эса “Газпром” Ўзбекистонга газ экспортни 4,4 баравар ошириб, 5,64 млрд куб метрга етказган.
2023 йил июнь ойида Ўзбекистон “Газпром” билан икки йиллик газ хариди шартномасини имзолаган, унга кўра кунлик етказиб бериш ҳажми 9 млн куб метрни, йиллик эса қарийб 2,8 млрд куб метрни ташкил этади. Ушбу шартнома бўйича етказиб бериш 2023 йил 7 октябрда бошланган. Шу билан бирга, “Газпром” 2025 йил 1 ноябрга қадар “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали Марказий Осиё мамлакатларига анча катта ҳажмларда газ етказиб беришни режалаштирган эди.
2024 йил июнь ойида “Газпром” Қирғизистонга газ етказиб бериш бўйича шартномаларни, шунингдек, Қозоғистон билан 2025–2040 йиллар давомида Россия газини Ўзбекистон ва Қирғизистонга транзит қилиш тўғрисидаги келишувларни имзолаган. 2024 йил февралда эса Ўзбекистон ҳукумати республика магистрал газ тизимини модернизация қилиш орқали Россиядан газ импорт ҳажмини 3,5 бараварга – кунлик 9 млн куб метрдан 32 млн куб метргача ошириш нияти борлигини маълум қилган эди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг апрель ойида Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ўзбекистонга ташрифи ва республика раҳбарияти билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида бир қанча янги инфратузилма лойиҳалари Россиядан Ўзбекистонга газ етказиб беришни икки баробарга ошириши ҳақида маълум қилган эди.
Live
Барчаси