Россия Ўзбекистонда дрон ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириши мумкин
Олам
−
09 Сентябрь
11654Россия Ўзбекистонда фуқаролик дронлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириши мумкин. Бу ҳақда Россия ва Ўзбекистон ҳукумат раҳбарлари даражасидаги Қўшма комиссиянинг бешинчи йиғилишида Россия Бош вазири Михаил Мишустин маълум қилди.
“Биз юқори технологияли полимер ишлаб чиқаришни ташкил этиш, фуқаролик учувчисиз самолётлар тизимлари ва уларнинг бутловчи қисмларини ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш имкониятларини ўрганмоқдамиз”, дейди Мишустин.
Ўз навбатида, Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Ўзбекистон билан Россия Федерацияси ўртасидаги муносабатлар Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путиннинг узоқни кўзлаб олиб бораётган сиёсати туфайли бутунлай янги босқичга кўтарилганини айтди.
“Россия Федерацияси Ўзбекистоннинг асосий ташқи иқтисодий ҳамкори ва энг йирик сармоявий шерикларидан бири бўлиб қолмоқда, Ўзбекистон билан Россия ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми икки ярим баробар ошди; 2023 йил охирида у 10 миллиард доллардан ошди, биздаги маълумотларга кўра, жорий йилнинг етти ойида товар айирбошлаш ҳажми яна 30 фоизга ошди. Асосийси, ўзаро етказиб бериш таркиби, биринчи навбатда, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ҳисобига сифат жиҳатидан ўзгармоқда. Давлатларимиз раҳбарлари олдимизга янги мақсад – ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 30 миллиард долларга етказиш вазифасини қўйди”, дея қўшимча қилди у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Мишустиннинг Ўзбекистонга ташриф буюргани хабар қилинган эди. Ўзбекистон Бош вазирининг матбуот котиби Бекзод Ҳидоятовнинг маълум қилишича, ташриф дастуридан Ўзбекистон Республикаси ва Россия Федерацияси ҳукумат раҳбарлари даражасидаги қўшма комиссиянинг навбатдаги мажлисини ўтказиш, Тошкент шаҳридаги ишлаб чиқариш ва саноат корхоналари фаолияти билан яқиндан танишиш ҳамда бошқа объектларга ташриф буюриш кўзда тутилган.
LiveБарчаси