Россия уруш жиноятлари, жинсий зўравонлик ва қирғин учун жавобгар – БМТ комиссияси
Олам
−
19 Октябрь 2022
8292Украинада уруш жиноятлари ва инсон ҳуқуқлари ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бошқа жиддий бузилиши ҳолатлари содир этилган. Бу ҳақда БМТ Мустақил халқаро комиссияси вакили Эрик Мёсе БМТ Бош Ассамблеяси 77-сессияси учинчи қўмитаси делегатлари кўриб чиқиш учун Украина бўйича ҳисоботни тақдим этар экан, маълум қилди.
Киев, Чернигов, Харьков ва Суми вилоятларидаги фожиали воқеалар
Февраль ойи охиридан бери комиссия аъзолари Киев, Чернигов, Харьков ва Суми вилоятларидаги воқеаларни ўрганмоқда. Комиссия Россия ҳарбий кучлари томонидан зарба берилган аҳоли пунктларида портловчи қуроллар қўлланилган тартибсиз ҳужумлар ҳолатларини ҳужжатлаштирган. Комиссия шунингдек, Россия Қуролли кучлари оташ ҳалқасидан қочишга уринган тинч аҳолига ҳужум қилганини аниқлади.
“Украинанинг тинч аҳолиси учун бу қонунбузарликларнинг оқибатлари жуда катта. Ўлганлар сони минглаб. Инфратузилманинг вайрон бўлиш кўлами даҳшатли”, дейди комиссия раиси Эрик Мёсе.
Комиссия аъзолари қуролли тўқнашувнинг ҳар икки томони турли даражада бўлса-да, аҳоли зич жойлашган ҳудудларга ёки уларга яқин жойда ҳарбий мақсадлар ва кучларни жойлаштириш орқали тинч аҳоли ёки фуқаролик объектларини ҳужумлар таъсиридан ҳимоя қила олмагани ҳақида далиллар тўплади.
Ҳисобот хулосаларидан бири шундаки, Россия Қуролли кучлари аниқланган қонунбузарликларнинг катта қисми, жумладан, уруш жиноятлари учун жавобгардир. Айрим ҳолларда Украина кучлари ҳам халқаро гуманитар ҳуқуқни бузган. Хусусан, Украина кучлари иштирокида содир бўлган иккита ҳодиса уруш жинояти сифатида баҳоланди.
Комиссия Россия Қуролли кучлари томонидан ишғол қилинган тўрт вилоят – Киев, Чернигов, Харьков ва Сумида ўзбошимчалик билан оммавий қатл қилиш, ноқонуний ҳибсга олиш, қийноқлар, шафқатсиз муомала, зўрлаш ва жинсий зўравонликнинг бошқа шаклларини ҳужжатлаштирди.
Ҳисоботда одамларнинг ҳибсга олиниши ҳақида сўз боради, уларнинг бир қисми Россия Федерациясига ноқонуний равишда депортация қилинган. Кўпчилик ҳали ҳам ном-нишонсиз кетганлар рўйхатида қолмоқда.
Ҳисоботда жинсий зўравонлик билан боғлиқ жиноятларга урғу берилган. Комиссия қариндошлари, жумладан, болалар ўз яқинларининг зўрланишини кузатишга мажбур бўлган ҳолатларни аниқлади.
Жиноятлар жазосиз қолмаслиги керак
Бу жиноятларнинг барчаси жазосиз қолмаслиги керак, дейди комиссия мутахассислари. Омон қолган қурбонлар ва уларнинг оилалари адолат қарор топиши зарурлигини бир неча бор билдирган.
“Аввал мен айбдорларни топиб, уларни ўлдирмоқчи эдим. Лекин ҳозир мен айбдорлар жавобгарликка тортилишини ва ҳамма ҳақиқатни билишини истайман”, дейди ўғли Бучада ўлдирилган эркак Комиссия аъзолари билан суҳбатда.
Комиссия аъзолари ўз ваколатларига кўра, жиноят содир этган шахсларни аниқлашда ёрдам беришга ҳаракат қилишга ваъда беришди.
Комиссия терговни давом эттиради
Комиссия аъзолари 27 та шаҳар ва аҳоли пунктларида бўлди. Улар 190 дан ортиқ жабрланувчи ва гувоҳлар билан суҳбатлашди. Комиссия терговчилари вайронагарчилик, дафн этиш жойлари, қамоқхоналар ва қийноқлар, шунингдек, қурол-яроғ қолдиқларини кўздан кечирди, кўплаб ҳужжатлар ва баённомалар билан танишди.
Комиссия тўрт вилоят – Киев, Чернигов, Харьков ва Сумида содир этилган ҳуқуқбузарликларга алоҳида эътибор қаратган ҳолда, кенгроқ географик ва тематик текширувлар учун аста-секин кўпроқ ресурслар ажратади.
Келгусида Комиссия аъзолари филтрация лагерларида ҳуқуқбузарликлар, одамларнинг мажбурий кўчирилиши ҳақидаги хабарларни ҳамда болаларни асраб олиш/фарзандликка олишнинг тезлаштирилган тартиби ҳақидаги хабарларни текшириш ниятида. Улар маҳаллий маъмуриятларда ҳокимият алмашиш ва референдумлар ўтказиш жараёнларининг барча ҳолатларини белгилайди.
Комиссия ўз ишида мустақиллик ва холислик тамойилларига амал қилади ва тегишли ҳукуматлар билан ҳамкорлик ва мулоқотга интилади.
БМТнинг Украинадаги ҳуқуқбузарликларни текшириш бўйича мустақил халқаро комиссияси БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши томонидан ташкил этилган мустақил орган ҳисобланади. Унга, жумладан, Россия Федерацияси томонидан Украинага қарши тажовуз контекстида инсон ҳуқуқларининг ҳар турдаги бузилиши ва халқаро гуманитар ҳуқуқнинг бузилиши, шунингдек, улар билан боғлиқ жиноятларни текшириш вазифаси юклатилган.
LiveБарчаси