Россия Украинанинг “пешонасига тўппонча тиради” – Борис Жонсон
Олам
−
26 Январь 2022
17028Буюк Британия Бош вазири Борис Жонсон Россия тез орада Украинага ҳужум қилишини маълум қилди. У Москвани чегара ҳудудида қўшин тўплагани учун ўз қўшнисининг пешонасига “тўппонча тирашда” айблаган.
Бундан ташқари, Британия ўзининг Ғарбдаги иттифоқчиларини Кремлга қарши санкцияларни тезлаштиришга чақирган.
Унга кўра, агар Россия Украинага ҳужум қиладиган бўлса Ғарб Москвани янги, мисли кўрилмаган санкциялар пакети билан “сийлайди”. Айнан шу йўл билан Россиянинг жиловини тийиб туриш мумкинлиги айтилмоқда.
“Бизда жиддий санкциялар пакети тайёр ва шуни айтишим тўғри бўлардики, биз Европадаги иттифоқчиларимиз билан Россиянинг Украинага ҳар қандай ҳужуми бошланиши биланоқ ушбу пакетни эълон қилишга тайёрмиз”, деган Бош вазир Борис Жонсон Британия Парламентидан йўллаган баёнотида.
“Россиянинг агрессиясини тийиб туришда Ғарбнинг бугунгидек бирлашиши жуда муҳим”, дея қўшимча қилган Жонсон.
Россия ҳатти-ҳаракатларига жавобан Пентагон ҳам 8 500 нафардан иборат ҳарбийлар гуруҳи жангавор шайлик ҳолатига келтирилгани ҳақида билдирганди.
Бу ҳақда жорий йилнинг 24 январь куни АҚШ Президенти Жозеф Байден Буюк Британия, Франция, Германия, Италия ва Польша давлат раҳбарлари ҳамда НАТО Бош котиби Йенс Столтенберг иштирокида ўтган қўшма йиғилишда маълум қилган.
80 дақиқа давом этган видео учрашувдан сўнг баёнот берган АҚШ раҳбари “якдилликка асосланган учрашувимиз Европа раҳбарлари билан жуда-жуда яхши руҳда ўтди”, дея билдирган.
Пентагон Матбуот котиби Жон Кирбийга кўра, “АҚШ, Европа ва НАТО раҳбарлари Украина учун таҳдид туғиладиган бўлса, Россиянинг бебошлигига қарши бирлашган ҳолда чора кўриш”га келишиб олишган.
Сўнгги пайтларда Ғарб мамлакатларида, шунингдек, Киевда Россиянинг Украинага бостириб кириши мумкинлиги ҳақида баёнотлар пайдо бўлди. Россия Федерацияси Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков бундай маълумотни бўш ва асоссиз кескинликнинг кучайиши деб атади. Унинг таъкидлашича, Россия ҳеч кимга таҳдид солмайди. Шу билан бирга, Песков бундай баёнотларни оқлаш учун провокациялар бўлиши мумкинлигини инкор этмади ва Украина жануби-шарқидаги инқирозни куч билан ҳал қилишга уринишлар энг оғир оқибатларга олиб келишидан огоҳлантирди.
Беҳруз Саидов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь