Россия Украинага яна дрон ва ракеталар билан ҳужум қилди
Олам
−
25 Июль
7460Россия қўшинлари бугун, 25 июль куни Украинага 38 та Shahed-131/136 жанговар дронлари билан ҳужум қилди. Бу ҳақда Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондони Николай Олешук ўзининг Тelegram-каналида маълум қилди.
Олешукнинг ёзишича, 25 та дрон ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари томонидан уриб туширилган. Одесса вилоятининг жанубидаги ва Украинанинг марказий ҳудудларидаги инфратузилма объектлари ҳужумга учраган. Ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Киев, Одесса, Херсон, Николаев, Суми, Житомир ва Черкас вилоятларида ишлаган.
Олешук, шунингдек, Руминия билан давлат чегарасини кесиб ўтган учта дрон йўқолганлигини ҳам таъкидлаб ўтган. Бироқ, Руминия ҳукумати дрон чегарани кесиб ўтганига ҳеч қандай изоҳ бермаган.
Одесса вилояти маъмурияти раҳбари Олег Кипернинг айтишича, минтақада Руминия билан чегарада жойлашган Измоил тумани ҳужумга учраган. Унинг сўзларига кўра, у ердаги маъмурий бино қисман вайрон бўлган, ёнғин содир бўлган ва у ўчирилган. Кипернинг қўшимча қилишича, хусусий уй устига вайроналар тушиши оқибатида икки киши жароҳатланган, улардан бири шифохонага ётқизилган.
“Страна” нашрининг хабар беришича, дрон ҳужуми оқибатида Измоил туманининг Вилково шаҳридаги порт иншоотларига зарар етган.
Шунингдек, Житомир вилоятидаги инфратузилма объектига ҳужум қилган дронлар ҳам уриб туширилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Киев ва Украинанинг бошқа ҳудудларига ракета ва учувчисиз самолётлар билан ҳужум қилгани ҳақида хабар берилганди. Ўшанда Украина қуролли кучлари Россиянинг бешта ракета ва 24 та учувчисиз самолётини уриб туширганди. Шунингдек, Украина ҳам Россиянинг тўртта вилоятига дрон билан ҳужум уюштирганди.
LiveБарчаси