Россия Украина билан музокаралар учун дастлабки шартларни қабул қилмайди – ТИВ

Олам 7023
image

Украина бўйича музокаралар учун дастлабки шартлар, жумладан, Россия қўшинларини олиб чиқиб кетиш Москва учун қабул қилиниши мумкин эмас, мулоқот учун ердаги вазиятни ҳисобга олиши керак. Бу ҳақда бугун, 14 ноябрь куни Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Александр Грушко журналистларга маълум қилди.

“Йўқ, бундай шартлар, албатта, қабул қилиниши мумкин эмас. Президентимиз музокараларга тайёрмиз, деб бир неча бор таъкидлади. Аммо бу музокаралар, албатта, ердаги вазиятни ҳисобга олиши керак”, дейди у Финляндия ташқи ишлар вазири Пекка Хаавистонинг Украина бўйича ҳар қандай тинчлик музокаралари Россия ҳудуддан барча қўшинларини олиб чиқиб кетсагина бўлиши мумкинлиги ҳақидаги баёнотини шарҳлар экан.

Унинг сўзларига кўра, Финляндия ТИВ раҳбарининг Украина бўйича музокаралар Россия қўшинлари олиб чиқиб кетилгандан кейингина олиб борилиши мумкинлиги ҳақидаги шарти Москва учун номақбулдир.

Грушконинг айтишича, Франция ва Австрия томонининг Москва ва Киев ўртасида музокаралар ўтказиш зарурлиги ҳақидаги баёнотлари шунчаки риторика, Россия бу йўналишда улардан дипломатик саъй-ҳаракатларни кўрмаяпти.

“Бу риторика. Биз на Франциядан, на Австриядан ҳеч қандай дипломатик саъй-ҳаракатларни кўрмаяпмиз”, дейди у ТАСС агентлигининг Париж ва Венанинг тегишли баёнотларига изоҳ бериш сўровига жавобан.

Аввалроқ, 14 ноябрь куни Франция Президенти Эммануэль Макрон Украина бўйича келишувга эришиш учун кўпроқ дипломатик саъй-ҳаракатларга чақирганди. Ўз навбатида, Австрия Ташқи ишлар вазири Александр Шалленберг Россия ва Украина ўртасидаги музокаралар учун эшик очиқ қолиши кераклигини таъкидлади.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 215
Рейтинг: 3
t
×