Россия, Туркия ва Қатар янги дон шартномасини тайёрлаяпти – “Bild”
Олам
−
19 Август 2023
4096Россия, Туркия ва Қатар дон битими ўрнига, янги келишув тайёрламоқда. Бу ҳақда 21 июлдан 8 августгача бўлган даврда Россия ва Туркия элчихоналари ҳамда ТИВ ўртасидаги расмий ёзишмаларга таяниб “Bild” нашри ёзди.
Тахминларга кўра, Россия ғалласи қашшоқ мамлакатларга, асосан Африкага етказиб берилади. Таъминот ташкилотчиси Туркия, ҳомийси эса Қатар бўлади. Шунингдек, мактублардан маълум бўлишича, Москва Анқарани дон шартномасидан чиқиш ҳақида олдиндан огоҳлантирган.
Манбага кўра, янги шартнома келаси ҳафта охирида Будапештда имзоланиши мумкин. Татаристон раҳбари Рустам Минниханов аллақачон Венгрия пойтахтига учиб кетган. Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам у ерга бориши режалаштирилган.
Айни вақтда Туркия Ташқи ишлар вазири Хоқон Фидан Москвадан Украина ғалласини олиб чиқиш бўйича келишувни янгилашни сўрамоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 июль куни Россия томони Қора денгиздаги гуманитар йўлаклар орқали Украина ғалласини хавфсиз экспорт қилиш бўйича келишувни узайтирмаган ва буни Истанбул келишувининг иккинчи қисми бажарилмагани билан изоҳлаганди. Украина Президенти Владимир Зеленский эса Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ва БМТ Бош котиби Антониу Гутерришга дон йўлаги келишувини ёки унга ўхшаш лойиҳани уч томонлама шаклда давом эттириш таклифи билан расмий мактуб юборди. 2 август куни Россия ва Туркия Президентлари телефон орқали мулоқот ўтказган ва эҳтимолий учрашувга тайёргарлик кўришга келишиб олганди.
LiveБарчаси