Россия тожикистонликлар учун университетлардаги квотани оширди
Олам
−
02 Март 2023
2907Тожикистон фуқаролари Россия олий ўқув юртларига киришлари мумкин бўлган квоталар келгуси ўқув йилида одатдагидан юқори бўлади. Бу ҳақда бугун, 2 март куни Тожикистонга илк расмий ташриф билан келган Россия Бош вазири Михаил Мишустин икки давлат ўртасидаги минтақалараро ҳамкорлик бўйича тўққизинчи конференцияда сўз очди.
“Биз тожикистонлик ёшларга Россияда касб-ҳунар эгаллаш имкониятларини қўллаб-қувватлаймиз”, дейди у.
Мишустин Тожикистондан келган талабалар Москва ва Санкт-Петербург, Уфа, Қозон ва Нижний Новгород, Челябинск ва Екатеринбург, Новосибирск ва Барнаул, шунингдек бошқа шаҳарлардаги олий ўқув юртларида таҳсил олишлари мумкинлигини маълум қилди.
“Президентлар Владимир Путин ва Имомали Раҳмон ўртасидаги келишувларга мувофиқ, келгуси ўқув йили учун Тожикистон фуқароларини Россия олий ўқув юртларига қабул қилиш бўйича ҳукумат квотаси оширилди”, дейди Бош вазир.
У республикани тарк этмасдан ҳам худди шундай олий маълумотни Россия-Тожикистон Славян университети ва Россия Федерацияси олий ўқув юртлари филиалларида олиш мумкинлигига эътибор қаратди.
Эслатиб ўтамиз, 2022 йилда Россияга ишлаш мақсадида келган хорижий фуқаролар сони 3,47 миллион кишини ташкил этди. Бу 2021 йилга нисбатан уч баравар кўп. Ўзбекистон, Тожикистон ва Қирғизистон фуқаролари эса мамлакатга келган барча меҳнат муҳожирлари орасида етакчи бўлган.