Россия терроризмга қарши курашда “Толибон”га ёрдам бермоқчи

Олам

image

Россия Афғонистонда терроризмга қарши курашда “Толибон”га ихтисослашган тузилмалар орқали ёрдам беришга тайёр. Бу ҳақда Россия Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Замир Кабулов маълум қилди.

Кабуловнинг сўзларига кўра, Россия Олий судининг “Толибон” ҳаракати фаолиятини тақиқлашни тўхтатиб туриш тўғрисидаги қарори Қобул билан тўлақонли ҳамкорликни йўлга қўйиш, жумладан, террорчилик таҳдидига қарши курашиш йўлидаги тўсиқларни олиб ташлади.

Маълумот учун, 2001 йилда 11 сентябрь хуружлари ортидан АҚШ ва унинг иттифоқчилари Афғонистонга бостириб кирди. 2003 йилда БМТ Хавфсизлик Кенгаши “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатига киритган. Шу билан бирга, Россия Олий суди “Толибон”ни террорчи ташкилот деб тан олди ва мамлакат ҳудудида унинг фаолиятини тақиқлади. 2021 йилнинг август ойида Афғонистоннинг собиқ президенти Ашраф Ғани мамлакатни тарк этди ва “Толибон” жангсиз Кобулга кирди. Бир ой ўтгач, Америка қўшинлари мамлакатни бутунлай тарк этди. 2021 йилнинг сентябрь ойида “Толибон” Афғонистон ҳукумати таркибини эълон қилди. 2021 йилнинг октябрь ойида Владимир Путин Россия “Толибон”ни террорчилар рўйхатидан чиқариш қарорига яқинлашаётганини айтиб, буни биринчи навбатда БМТ Хавфсизлик Кенгаши қилиши кераклигини таъкидлаганди. 2024 йилнинг декабрь ойида Россия Федерацияси Давлат Думаси қонунга хилоф фаолиятини тўхтатган ташкилотни, жумладан “Толибон”ни террорчилик ташкилотлари рўйхатидан чиқариш механизмини жорий қилувчи қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон савдо-иқтисодий ҳамкорлик туфайли 2023 йил декабрида “Толибон” гуруҳини террорчилар рўйхатидан чиқаргани ҳақида хабар берилганди. Мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевнинг сўзларига кўра, ҳозирги босқичдаги стратегик вазифалардан бири Афғонистонни минтақалараро алоқаларга фаол жалб этишдан иборат. Шунингдек, жорий йилнинг сентябрь ойида Қирғизистон “Толибон”ни террорчи ташкилотлар рўйхатидан чиқарди. Первомайск туман судининг 2006 йил сентябрдаги қарори билан “Толибон” Қирғизистонда террорчилик ҳаракати сифатида тан олинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Толибон терроризм Замир Кабулов

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг