Россия Суриянинг янги ҳукуматига биринчи марта нефть етказиб берди

Олам

image

Сурия Россиядан нефть ва дизель ёқилғиси ортиладиган танкерларни қабул қилди. Бу Башар Асад ағдарилгандан кейин мамлакатга етказилган илк нефть партияси ҳисобланади. Бу ҳақда “Sana” хабар берди.

Қайд этилишича, кеча, 21 март куни тунда Банияс денгиз терминалига биринчи нефть танкери етиб келган. Банияс Ўртаер денгизи соҳилида жойлашган бўлиб, Суриянинг энг йирик нефтни қайта ишлаш заводи (НҚИЗ) ҳисобланади ва нефть маҳсулотлари билан ишлайдиган электр станцияси шу ерда жойлашган.

Маълумотларга кўра, Aquatica номли танкер 99 771 тонна нефть билан етиб келган. У Greenpeace томонидан кузатилаётган Россиянинг “соя флоти” рўйхатига кирувчи кемалардан бири ҳисобланади.

“Reuters” маълумотларига кўра, 25 март куни яна бир Sakina номли танкер Баниясга етиб келиши кутилмоқда. У ҳам тахминан 100 000 тонна Россия нефтини олиб келмоқда. Ҳар иккала кема февраль ойида Мурманскда юкланган.

Маълумот учун, Сурияда фуқаролар урушига қадар давлат даромадларининг муҳим қисмини нефть экспорти ташкил қилган. Ўша пайтларда мамлакат кунига 380 000 баррель нефть қазиб олган. Бироқ 2023 йилга келиб бу кўрсаткич 9,5 баробар камайган.

Башар Асад ҳукмронлиги даврида ҳукумат нефтни асосан Эрон орқали Банияс портига олиб келарди. Бироқ Асад ҳокимиятдан ағдарилгач, бу етказиб бериш тизими тўхтатилган.

“Reuters” хабарига кўра, Дамашқ ҳозир халқаро етказиб берувчиларни топишда қийинчиликка дуч келмоқда. Чунки АҚШ ва Европа Иттифоқи Асад ҳукмронлиги даврида Сурияга нефть етказиб беришга санкциялар қўйган эди. Яқинда бу чекловлар юмшатилган бўлса-да, халқаро нефть трейдерлари ҳали ҳам санкциялар ва молиявий хавфлардан қўрқиб, Дамашқ билан ишлашга шошилмаяпти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурия ўтиш даври ҳукумати молия вазирлиги Россия, Эрон ва Исроил товарлари импортини тақиқлаган эди. Билдирилишича, бу қарор Сурияга бошқа мамлакатлар, жумладан, АҚШдан келадиган импорт оқимига йўл очган. Шу билан бирга, қарор маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қўллаб-қувватлаш, хомашё импортини енгиллаштириш, иқтисодий фаолликни ошириш ва рағбатлантиришга қаратилган саъй-ҳаракатларнинг бир қисми эканлиги айтилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Сурия нефть

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг