Россия Суриядаги лагердан болаларни қутқаришга чақирди. Ўзбекистон бу борада фаол
Жамият
−
08 Май 2021
5860Россиянинг Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги доимий вакили ўринбосари Геннадий Кузмин халқаро ҳамжамиятни болаларни Суриянинг шимоли-шарқидаги Aл-Хол қочқинлар лагеридан қутқаришга чақирди. Бу ҳақда “РИА Новости” хабар бермода.
Маълум қилинишича, у халқаро ҳуқуққа, шу жумладан Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияга мувофиқ, давлатлар ўз фуқароларини ватанга қайтариши, шунингдек, фуқароларнинг фарзандлари фуқароликсиз қолмаслиги учун чоралар кўриши кераклигини айтиб ўтган.
Кузминнинг сўзларига кўра, давлатлар ушбу болаларни ҳимоя қилиш ва уларнинг уйларига хавфсиз қайтиб келишларини таъминлаш учун масъулиятни ўз зиммаларига олишлари керак.
Доимий вакил ўринбосари Россия ҳукумати қуролли тўқнашув ҳолатида бўлган мамлакатлардан болаларни ўз ватанига қайтаришда фаол иштирок этаётганини таъкидлади.
Ироқ ва Суриядаги қамоқхоналардан болаларни қайтариш операцияси бир неча йилдан бери давом этмоқда. Россия Президенти Владимир Путин 2017 йилда собиқ СССР мамлакатларидан тўққиз мингга яқин жангарилар Сурияда жанг қилаётгани тўғрисида эълон қилган эди. Шу сабабли, сўнгги бир неча йил ичида Россиядан эрлари ва оталари террорчилар томонидан ёлланган мингдан зиёд аёллар ва болалар олиб келинган.
“Меҳр операциялари”
Ўз навбатида, Ўзбекистон ҳам Яқин Шарқдаги қуролли тўқнашувлар бўлаётган ҳудудлардан аёллар ва болаларни қайтаришга оид серияли “Меҳр” операцияларини амалга оширмоқда. Ўзбекистон жами 5 марта “Меҳр” операцияси доирасида аёллар ва болаларни ватанга қайтарди.
Жорий 30 апрель куни шундай операцияларнинг навбатдаги – “Меҳр-5” амалга оширилди. Мазкур инсонпарварлик операцияси натижасида уруш ҳаракатлари давом этаётган Суриядаги 93 нафар ўзбекистонлик аёл ва болалар олиб келинди.
Махсус рейсни кутиб олишда иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбири Умиджон Нозимжоновнинг сўзларига кўра, уруш ҳаракатлари давом этаётган “қайноқ нуқта”лардан олиб келинган 69 нафар боланинг 7 нафари чин етимлардир. Суриядан олиб келинган шахсларнинг 24 нафари аёллар.
Эслатиб ўтамиз, “Меҳр” операцияси илк марта 2019 йилнинг май ойида ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ўзбекистонлик, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан Ватанга қайтарилган. Улар 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинган.
Шунингдек, “Меҳр-2” операцияси ўтган йилнинг октябрь муваффаққиятли якунланган. 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ бола махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинганди. Ироқ давлати ҳукумати ва UNICEF Халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда она Ватанига қайтарилган бу болалар Ироқ давлати ҳудудида оғир шароитда яшаётган эди.
“Меҳр-2” инсонпарварлик амалиёти доирасида олиб келинган 39 ўғил ва 25 қиз боланинг орасида 14 нафар 3 ёшгача бўлган ҳамда 2 нафар ота-онасидан айрилган жажжи бола бор эди.
"Меҳр-3" операцияси эса ўтган йилнинг 8 декабрь куни амалга оширилганди. Ўшанда 98 нафар ўзбекистонлик, жумладан, 25 нафар аёл ва 73 нафар бола Яқин Шарқ минтақасидан Ватанга қайтарилган.
Жорий йилнинг 2 март куни "Меҳр-4" операцияси ўтказилиб, Афғонистондаги 24 нафар ватандош Ўзбекистонга олиб келинганди.
LiveБарчаси