Суриядан 93 нафар ўзбекистонлик қайтарилди (видео)

Жамият

Барчамизга маълумки, Яқин Шарқдаги Сурия ва Ироқ давлатларида нотинчлик ва жанговар ҳаракатлар кўп йиллардан бери давом этмоқда. Ўзбекистон ўзга юртларда қийин аҳволга тушиб қолган, ёт ғоялар таъсирида хорижга чиқиб, турмуш ўртоқлари, ота-оналаридан айрилиб қолган ватандошларнинг қадр-қиммати ва манфаатларини ҳимоя қилиб, уларни Ватанга қайтариш учун махсус операциялар ўтказяпти.

Кеча, 30 апрель куни шундай операцияларнинг навбатдаги – “Меҳр-5” амалга оширилди. Мазкур инсонпарварлик операцияси натижасида уруш ҳаракатлари давом этаётган Суриядаги 93 нафар ўзбекистонлик аёл ва болалар олиб келинди.

Махсус рейсни кутиб олишда иштирок этган QALAMPIR.UZ мухбири Умиджон Нозимжоновнинг сўзларига кўра, уруш ҳаракатлари давом этаётган “қайноқ нуқта”лардан олиб келинган 69 нафар боланинг 7 нафари чин етимлардир. Суриядан олиб келинган шахсларнинг 24 нафари аёллар.

Самолётдан тушаётган аёлларнинг кўзида ёш. Улар Ватанга эсон-омон қайтганига шукроналик билдирмоқда.

Махсус рейсни кутиб олиш учун Тошкент халқаро аэропортида ҳозир бўлган Тошкент шаҳар бош имом хатиби Нуриддин домла Холиқназаров операция осон кечмаганини айтиб ўтди.

“Шу ўринда халқимиз бир нарсани билиши керакки, бу хамирдан қил суғиргандай осон бўлгани йўқ. Бу давлатимиз раҳбарининг шахсан ўзларининг топшириқларига кўра масъул ташкилотлар билан бирга ишланган ҳолда амалга оширилди. Масъул ходимлар “қайнаб” турган ҳудудлардан Ўзбекистон фуқароларини Ватанга олиб келишди. Бу иш осон кечгани йўқ. Шу ўринда бир аҳли илм сифатида кўрсатилаётган мана шундай эътибор учун аввало Президентимизга ва ушбу операцияда иштирок этган ҳар бир масъулга алоҳида миннатдорчилик билдиришимиз керак”, деди Нуриддин домла Холиқназаров.

Республика Маънавият ва маърифат маркази раҳбари Минхожиддин Хожиматов ҳам “Меҳр-5” инонпарварлик операцияси борасидаги фикрларини билдириб, Суриядан қайтарилган ўзбекистонликлар бошқа оламга тушаётганини таъкидлади. У болалар мактабдан, илмдан йироқда ўсиб келаётганини урғулади.

“Улар ҳозир бошқа оламдан умуман бир бошқа оламга тушяпти. Балки бу болалар боғча нималигини, мактаб нимналигини ёки тиниқ осмон нималигини кўргани йўқдир. Aммо, бизнинг муаллимларимиз уларни ўқитиш учун тайёр бўлиб туришибди. Ҳаётда ўзларини руҳий ҳолатларини тиклаб олиш учун энг кучли психологларимиз кутиб турибди. Шу билан биргаликда уларни Ўзбекистоннинг меҳри кутиб турибди. Мен ўйлайманки, меҳр ҳар қандай адашган инсонни тўғри йўлни топишига ёрдам беради”, деди Минхожиддин Хожиматов.

Эндиликда бу аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаториясига жойлаштирилади ҳамда уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилади. 

Эслатиб ўтамиз, “Меҳр” операцияси илк марта 2019 йилнинг май ойида ўтказилган. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан, 156 нафар ўзбекистонлик, асосан аёллар ва болалар Яқин Шарқдаги қуролли можаролар ҳудудидан Ватанга қайтарилган. Улар 30 май куни махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинган.

Шунингдек, “Меҳр-2” операцияси ўтган йилнинг октябрь муваффаққиятли якунланган. 10 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев топшириғига биноан ўзбекистонлик 64 нафар бегуноҳ бола махсус авиарейсда Тошкент шаҳрига олиб келинганди. Ироқ давлати ҳукумати ва ЮНИСЕФ Халқаро болалар ташкилоти билан ҳамкорликда она Ватанига қайтарилган бу болалар Ироқ давлати ҳудудида оғир шароитда яшаётган эди.

“Меҳр-2” инсонпарварлик амалиёти доирасида олиб келинган 39 ўғил ва 25 қиз боланинг орасида 14 нафар 3 ёшгача бўлган ҳамда 2 нафар ота-онасидан айрилган жажжи бола бор эди.

"Меҳр-3" операцияси эса ўтган йилнинг 8 декабрь куни амалга оширилганди. Ўшанда 98 нафар ўзбекистонлик, жумладан, 25 нафар аёл ва 73 нафар бола Яқин Шарқ минтақасидан Ватанга қайтарилган.

Жорий йилнинг 2 март куни "Меҳр-4" операцияси ўтказилиб, Афғонистондаги 24 нафар ватандош Ўзбекистонга олиб келинганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Меҳр-5

Баҳолаганлар

38

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг