Яна 93 киши Суриядан қайтарилди. Улар орасида уруш қурбонларининг болалари ҳам бор
Жамият
−
30 Апрель 2021
8252Бугун, 30 апрель куни Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг топшириғига биноан Сурияда оғир аҳволга тушиб қолган ватандошларни қутқариш учун “Меҳр-5” инсонпарварлик операцияси амалга оширилди.
Операция натижасида Сурияги уруш кетаётган "қайноқ нуқта"лардан 93 нафар ўзбекистонли ортга қайтарилди. Уларнинг 24 нафари аёллар ва 69 нафари болалардир.
Қуролли можаролар давом этаётган ҳудудлардан қайтарилган 93 нафар ўзбекистонлик “Ал-Ҳол” лагерида 3 йилдан ортиқ вақт давомида ушлаб турилган.
Қайд этилишича, бу аёллар мутаассиблик натижасида террорчилик йўлига кирган турмуш ўртоқларининг ундови билан Сурияга борган ва эрларини жангларда йўқотиб, ўзлари бева, фарзандлари эса етим қолган.
Шунингдек, бугун Ватанга олиб келинган болалар орасида ҳам отасини, ҳам онасини йўқотган 7 нафар чин етим бола бор.
Ачинарлиси, тақдирнинг аччиқ қисматига дуч келган бу шахслар ҳаёт кечириш учун зарур бўладиган энг оддий шароитлардан ҳам маҳрум ҳолатда яшашга мажбур бўлган.
Эндиликда бу аёллар ва болалар Тошкент вилоятидаги “Бўстон” санаториясига жойлаштирилади ҳамда уларга тиббий, психологик ва ижтимоий ёрдам кўрсатилади. Шунингдек, уларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларини расмийлаштириш бўйича зарур ишлар амалга оширилади.
LiveБарчаси