“Россия режаси”. Илк бор суд қаршисига чиққан Саакашвили шиша қафасдан нутқ сўзлади
Олам
−
01 Декабрь 2021
8090Ватанида бир неча жиноий иш қўзғатилган Грузиянинг собиқ Президенти Михаил Саакашвили жорий йилнинг 1 октябрь куни ҳибсга олинганидан кейин илк бор Тбилиси шаҳар суди биносига олиб келинди. Саакашвили Гори шаҳридаги ҳарбий госпиталдан олиб кетилган. Сиёсатчи у ерда 50 кун давом этган очликдан кейин тикланиш жараёнида эди.
Президент — жиноятчи эмас
“Мен Михаил Саакашвилиман, Грузиянинг жиноятчи Президенти бўлмаган. Буни барча грузинлар билишини истайман. Грузия давлатининг асосчиси жиноятчи бўлиши мумкин эмас, чунки жиноятчилар давлатга асос солмайди, балки уни йўқ қилади”, деган суд залида Грузиянинг учинчи Президенти.
Саакашвили ўз нутқини ойнаванд қафасдан ўқиган ва у ўзи устидан бўлиб ўтган судда илк бор иштирок этган. Айрим Грузия нашрлари Тбилиси шаҳар судидаги суд жараёнини “тарихий” деб атаган — Грузия тарихида биринчи марта мамлакатнинг собиқ Президенти судланмоқда.
Тбилиси шаҳар суди бир неча йиллардан бери кўриб келаётган жиноий иш ўн тўрт йил аввалги воқеаларга бағишланган. Ўшанда ҳокимият пойтахт марказидаги намойишни тарқатиб юборган, хавфсизлик ходимлари “Имеди” хусусий телекомпаниясига бостириб кирган.
Бундан ташқари, Саакашвили марҳум тадбиркор Бадри Патаркацишвилининг (“Имеди” тадбиркорнинг оиласига тегишли бўлган ва у телеканални 2012 йилда қайтариб олишга муваффақ бўлган) мулкини ноқонуний равишда мусодара қилганликда гумон қилинмоқда. Саакашвили ўша пайтда Грузия Президенти бўлган ва умуман олганда, прокуратура уни ўз ваколатларини ошириб юборишда айбламоқда. Агар айби исботланса, у 5 йилдан 8 йилгача озодликдан маҳрум этилиши мумкин. Аммо бу собиқ Президентга қўйилган бир неча айбловдан бири холос.
Саакашвили аллақачон бюджет маблағларини ўзлаштириш ва Грузия бирлашган банки ходими Александр Гиргвиланини ўлдиришда айбдор бўлган юқори мартабали полициячиларни муддатидан олдин озод қилишда айбланиб, сиртдан олти йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинган эди.
Саакашвили Грузия чегарасини ноқонуний кесиб ўтганликда ҳам айбланмоқда. Бу янги айблов бўлиб, унга 2021 йилнинг кузида Грузияга қайтиб келганидан ва ҳибсга олинганидан кейин қўйилган. Саакашвилининг ўзи эса судда сўзга чиқиб, буни энг катта хўрлик ва “Россияга хос классик комбинация” деб атаган.
“Ўз юртимда, ўзим қурган юртимда сиз билан бирга юриб, уни янада ривожлантиришга қодир бўлиш ўрнига, шишадан туриб сиз билан боғланишга мажбур бўлганимдан бутун дунё ҳайратда”, деган у.
Саакашвили президентлик даврида эришилган ютуқлар ҳақида гапирган, лекин йўл қўйилган хатоларни ҳам тан олган.
“Хатоларимиз бўлганми? Керагидан ҳам кўпроқ. Хатолар шундай кўп бўлдики, мен жуда афсусдаман. Биринчи навбатда, менинг хатом шу – суд. Мустақил суд тизимини тузмаганимиз кўплаб ватандошларимга таъсир қилди, энди эса менинг ўзимга. Жабрланганларнинг барчасидан узр сўрайман. Бунинг учун яна узр сўрайман. Лекин хатолар бошқа нарса, жиноят бошқа нарса”, деган Саакашвили.
Саакашвили ўзига қарши барча айблов ва ҳукмларни сиёсий деб билади. Ҳибсга олинганидан сўнг у дарҳол 50 кун давом этган очлик эълон қилди.
Судга йўл
2021 йил октябрь ойида ҳибсга олинганидан кейин Саакашвили Рустави шаҳридаги қамоқхонага жўнатилган, сўнгра Тбилисидаги қамоқхона шифохонасига ўтказилган. Унинг адвокатлари ва тарафдорлари эса бу муассаса унинг соғлиғи ва хавфсизлиги учун хатарли экани ҳақида гапиришади. Саакашвилининг ўзи ҳам алдов ва куч билан қамоқхона шифохонасига ўтказилганини айтган.
Инсон ҳуқуқлари бўйича омбудсман томонидан тузилган бир гуруҳ мутахассислар Саакашвилини қамоқхона шифохонасидан кўп тармоқли клиникага ўтказиш бўйича тавсия берган. 19 ноябрь куни у Гори шаҳридаги ҳарбий госпиталга ўтказилган, шундан сўнг Саакашвили очликни тўхтатган.
Қамоқдаги собиқ Президент Тбилисидаги судга келтириладими, деган савол очиқ қолаётганди. Махсус жазони ижро этиш хизмати собиқ Президентни аввалги суд мажлисларига олиб келишдан бош тортган ва буни унинг соғлиғига қўшимча хавф туғдириши мумкинлиги билан изоҳлаганди.
Саакашвилининг адвокатлари эса шу вақтгача у судда иштирок этишни хоҳлашини ва қатнашиши мумкинлигини айтишган.
Собиқ Президентнинг бу гал ҳам мажлислар залига кириши суд бошланишидан бироз олдин маълум бўлган. Жазони ижро этиш хизматининг махсус машинаси полиция кузатуви ҳамроҳлигида Саакашвили жойлашган Гори шаҳридаги ҳарбий госпитал ҳудудини тарк этганида бу масала ойдинлашган.
Тбилисидаги суд биносига полиция сафарбар этилган. Бу ерга Саакашвилининг тарафдорлари ва у асос солган “Ягона миллий ҳаракат” партияси вакиллари йиғилган. Вақти-вақти билан вазият кескинлашиб, намойишчилар ва ҳуқуқ-тартибот ходимлари ўртасида тўқнашувлар содир бўлган. Шунингдек, отишма ҳам кузатилган. Намойишчилар томонидан транспорт ҳаракатини тўсиб қўйишга уриниш бўлган. Грузия Ички ишлар вазирлиги маъмурий ҳуқуқбузарлик учун ўн беш киши қўлга олинганини маълум қилган.
“Россия режалари”
Намойишчилар ҳам, журналистлар ҳам суд биносига кира олмаган. Грузиянинг “Биринчи канал”и гуруҳи бундан мустасно — улар суд залига киритилган ва жараённи жонли эфирда кўрсатиш ҳуқуқини олган. Шу вақт давомида маҳкамага йиғилган намойишчилар Саакашвилининг бир соатдан ортиқ давом этган нутқини динамик орқали тинглашган.
Прокурорлар Саакашвилининг нутқини тўхтатмоқчи бўлиб, у узоқ вақт давомида иш учун аҳамияти йўқ нарса ҳақида гапирганини, далилларни текширишни бошлаш зарурлигини таъкидлаган. Адвокатлар улар билан тўқнаш келган. Натижада судьялар Саакашвилига чеклов қўймай, унга судда ўз сўзини якунлаш имкониятини берган.
Собиқ Президент расмийларга 2019 йил 20 июндаги митинг тарқатиб юборилгани ва жорий йилнинг 5 июлида Тбилиси марказидаги зўравонликларни эслатган. У 2007 йилнинг кузида бўлиб ўтган ҳукуматга қарши намойишларни Россиянинг режалари билан боғлаган, бироқ ўша пайтда оғир ислоҳотлар ва анча юқори инфляция туфайли ҳукуматдан норозилар кўп бўлганини тан олган. Унинг сўзларига кўра, расмийлар АҚШ Федерал қидирув бюросидан ҳам хат олган, унда улар Ереванда тўпланган бир гуруҳ ўғрилар Тбилиси марказида тартибсизлик уюштиришга ҳозирланаётгани ҳақида огоҳлантирилган.
Саакашвили 7 ноябрь куни Тбилисида бўлиб ўтган воқеаларни телевизор орқали кузатганини ва ҳеч қандай кўрсатма бермаганини ҳам айтган.
“Улар (ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари) ўз вазифаларини бажарди. Ўша пайтда полициямиз жуда ёш ва жуда тажрибасиз эди. Бу кўплаб мамлакатларда содир бўлади, аммо бу учун кимнингдир устидан иш очилганини эшитмаганман”, деган Саакашвили.
Собиқ Президент бу воқеалардан кейин истеъфога чиққани, кейин эса сайловда қийинчилик билан бўлса ҳам яна ғалаба қозониб, иккинчи мандатни қўлга киритганини айтган.
“Мен буни Россия режаларини барбод қилиш ва бу митинглар ва чиқишлар туфайли НАТО билан интеграциялашувимиз тўхтаб қолмаслиги учун қилгандим”, деган Саакашвили.
Саакашвили суд залида қатнашганларнинг олқишлари остида ўз нутқини якунлаган. У Грузия эркин, мағрур ва муваффақиятли бўлишини ваъда қилиб, ҳозирги режимдан қутулиш кераклигини таъкидлаган.
Собиқ Президент нутқидан сўнг соғлиғи сабабли олиб кетилган. Навбатдаги мажлис 23 декабрга белгиланган.
Саакашвили бюджет маблағларини ўзлаштирганликда айбланаётган яна бир жиноий иш шу ҳафтада очилиши кутилмоқда. Унинг адвокатларидан бири Ника Гварамияга кўра, собиқ Президент учун бу жараёнда иштирок этиш жуда муҳим. Адвокат бунга ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди, деган умидда.