Россия Озарбайжон-Арманистон муаммосини КХШТ орқали ҳал қилмоқчи
Олам
−
30 Сентябрь 2022
3716Арманистон-Озарбайжон чегарасидаги можарони ҳал қилиш учун Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти кузатувчиларидан фойдаланиш имкониятлари муҳокама қилинмоқда. Бу ҳақда бугун, 30 сентябрь куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик идоралари ва разведка хизматлари раҳбарларининг разведка фаолияти бўйича конференциясининг 18-йиғилишида маълум қилди.
“Ҳозирда Озарбайжон, Арманистон ва Россия раҳбарлари ўртасидаги келишувларни амалга ошириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга кўмаклашиш, хусусан, Арманистон-Озарбайжон чегарасини делимитация қилиш ва умуман олганда, Баку ва Ереван ўртасидаги муносабатларни нормаллаштириш, шу жумладан, тегишли битим имзолаш учун Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилоти кузатувчиларидан фойдаланиш имконияти муҳокама қилинмоқда”, дейди вазир.
Унинг қайд этишича, бу жараёнда Мустақил давлатлар ҳамдўстлиги республикалари томонидан қўллаб-қувватлаш ҳам талабга эга бўлади.
Россия ТИВ раҳбари таъкидлаганидек, Москва КХШТ доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга катта аҳамият беради.
“Биз МДҲнинг Ички ишлар вазирлари кенгаши, Террорга қарши кураш маркази, Чегара қўшинлари қўмондонлари кенгаши ва, албатта, Сизнинг мажлисингиз каби профилли тузилмалари фаолияти самарадорлигини қайд этамиз. Умумий ташқи таҳдидларга, жумладан, Афғонистондан келаётган таҳдидларга самарали жавоб бериш мақсадида биз КХШТ доирасидаги ҳамкорликни чуқурлаштиришга катта аҳамият берамиз”, дейди Лавров.
Унга кўра, КХШТнинг етуклиги ва юксак ишончлилигининг ёрқин далили унинг тинчликпарвар кучлари жорий йилнинг январь ойида ташқаридан қўллаб-қувватланган оммавий тартибсизликлардан сўнг, ички сиёсий вазиятни барқарорлаштиришда Қозоғистонга ёрдам кўрсатиш бўйича самарали ҳаракат қилгани бўлган.
Шу билан бирга, Лавров дунёда тез ўзгариб бораётган вазият МДҲ доирасида, жумладан, минтақавий ва миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида ҳалол, тенг ҳуқуқли ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурлигини тақозо қилаётганини таъкидлаган.
LiveБарчаси