Россия Осиёни энергия таъминоти бўйича “оталиққа олмоқчи”
Олам
−
12 Октябрь 2023
8108Россия Осиё мамлакатларига энергия етказиб беришни кенгайтириш, янги йўналишлар очиш ёки мавжудларини яхшилаш ниятида. Бу ҳақда Россия Президенти Владимир Путин Россия энергетика ҳафталигининг ялпи мажлисида айтиб ўтди.
"Биз таъминот ҳажмини қандай кенгайтириш ҳақида ўйлаяпмиз. Жумладан, булар янги йўналишларни очиш ёки уларни тартибга солиш каби масалалар", дейди Путин.
Шунингдек, Россия раҳбари ўз нутқида Қозоғистон орқали ўтувчи “Марказий Осиё – Марказ” газ транспорти тизими орқали Ўзбекистонга Россия газини етказиб бериш бошланишига изоҳ бериб ўтган.
“Бу эски газ қувури бўлиб, 80 миллиард куб метр газ саккиз иттифоқ республикасига (СССР) транзит қилинган. У ҳеч қачон тескари режимда, яъни Россиядан бу республикаларга газ транзити учун қўлланилмаган. Ўзбекистон ва Қозоғистондаги ҳамкасбларимиз, дўстларимиз бу йўналишни қайта тиклаб, тескари режимда ишга туширди. Қувурлар орқали ҳали ҳам кичик ҳажмда газ етказиб бериляпти. Бу республикалар учун аҳамиятли. Бироқ ҳамкорларимизнинг иқтисоди ўсиб бориши билан бу ҳажм уларни қаноатлантирмаслиги аниқ ”, дейди Путин.
Бундан ташқари, давлат етакчиси Эрон Россия билан рус газини етказиб бериш имкониятини муҳокама қилаётганига ишора қилган.
“Эронлик ҳамкорлар биз билан Россия газини мамлакат бозорига етказиб бериш имкониятларини ҳам муҳокама қиляпти”, деган Президент.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистон ҳукумати йил охиригача Россия Федерациясидан Ўзбекистонга транзит орқали камида 800 миллион куб метр газ етказиб бериш имкониятини кўриб чиқаётгани ҳақида хабар берган эдик.
Гап шундаки, жорий йилнинг 7 октябрь куни Россия Президенти Владимир Путин, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Россия табиий газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга “Марказий Осиё – Марказ” газ қувури орқали транзитига старт берганди.Ушбу қувур орқали Ўзбекистон ҳар йили Россиядан тижорий шартнома асосида 2,8 миллиард куб метр газ сотиб оладиган бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь