Россия Навальнийнинг “дастидан” санкциялар остида қолмоқда 

Олам 6116
image

Алексей Навальний билан боғлиқ вазият туфайли АҚШ Россияга қарши экспорт чегараларини кенгайтирмоқда. Бу ҳақда АҚШ Савдо вазирлиги веб-сайтида хабар қилинди.

“Саноат ва хавфсизлик бюроси АҚШ Давлат котибининг жорий йил 2 мартдаги Россия ҳукумати ўз фуқароларига қарши кимёвий ёки биологик қурол ишлатганлиги ҳақидаги хулосаларига мувофиқ Россияга экспорт чекловларини кенгайтиради”, дейилади ҳужжатда.

Хусусан, 18 мартдан бошлаб, миллий хавфсизлик сабабли назорат остида бўлган буюмлар учун экспорт лицензиялари аризаларини кўриб чиқишда “рад этиш презумпцияси” кучга киради. Россияга қўйилаётган санкциялар орасида 1 сентябргача бўлган истисно ҳолатлари ҳам мавжуд, аниқроғи маҳсулотнинг айрим турларига, шу жумладан космик саноат билан боғлиқ бўлганларга тегишли бўлади.

Бундан ташқари, АҚШ Давлат департаменти Россияни ITAR (Халқаро қурол-яроғ савдоси қоидалари – таҳр.) нинг экспорт назорати остидаги давлатлар рўйхатига киритди. Энди Россия Федерациясига қурол экспорти ва импорти тақиқланади ҳамда мудофаа хизматларини кўрсатиш ҳам мумкин бўлмайди.

Эслатиб ўтамиз, 2 март куни АҚШ Молия вазирлиги ҳамда Европа Иттифоқи мухолифатчи Алексей Навальний билан боғлиқ вазият юзасидан Россиянинг бир қатор юқори лавозимдаги амалдорларига қарши санкциялар қўллаши ҳақида қарор қабул қилганди. Россия Федерацияси Бош прокурори Игорь Краснов, Тергов қўмитаси раҳбари Александр Бастрикин, Жазони ижро этиш Федерал хизмати бошлиғи Александр Калашников , Мудофаа вазири ўринбосарлари Алексей Криворучко ва Павел Попов ҳамда Росгвардия қўмондони Виктор Золотов санкция рўйхатига тушган.

Бундан ташқари, 45 мамлакат томонидан имзоланган Навальнийни озод қилиш ҳақидаги баёнот БМТнинг Женевадаги Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига тақдим этилган.

Маълумот ўрнида, 2 февраль куни Москванинг Симоновск суди Алексей Навальнийнинг “Ив Роше” иши бўйича шартли ҳукмини ҳақиқий жазо билан алмаштирди. Мухолифатчи 2,5 йилни колонияда ўтказадиган бўлди. Бундан ташқари, суд Иккинчи Жаҳон уруши фахрийсига қарши туҳмат ҳолати бўйича Алексей Навальнийга 850 минг рубль миқдорида жарима ҳам солган.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 185
Рейтинг: 2.8
t
×