Россия мигрантларнинг қурилишларга етиб олишини соддалаштирмоқчи
Олам
−
04 Июнь 2021
4869Россия Ҳукумати темир йўл орқали келган мигрантлар юқумли касалликларга қарши мажбурий текширувдан ўтказилгандан сўнг уларга қурилиш майдончаларида ишлашга рухсат бериш имкониятини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда мамлакат Бош вазири ўринбосари Марат Хуснуллин маълум қилган.
"Биз манфаатлар мувозанатини топишга ҳаракат қилмоқдамиз ва йирик компаниялар томонидан ишчи кучини жалб қилиш механизмини соддалаштиришга келишиб олдик. Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда ўзгаришлар бўлди. Ҳозир улар фақат ҳаво йўллари орқали келиши мумкин, биз темир йўл орқали келиш имкониятини ҳам кўриб чиқдик”, деган Хуснуллин.
У ушбу чоралар ишчи кучи етишмовчилигининг ҳеч бўлмаганда бир қисмини қоплашга ёрдам беришига умид билдирган. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда мамлакатда камида 1 миллион қурувчи етишмаяпти, уларнинг 100 мингга яқини Москва вилоятига тўғри келади.
Таъкидланишича, ушбу дефицитни тўлдириш мақсадида Россияда кадрлар тайёрлаш ва мутахассисларни қайта тайёрлаш бўйича ўқув марказларини очиш режалаштирилган.
Шунингдек, маҳкумларни қурилиш майдончаларига жалб қилиш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.
Ўз навбатида, Хуснуллин ишчи кучининг етишмаслиги, бошқа нарсалар қатори, чегараларнинг ёпилиши ва чет эллик ишчиларни жалб қила олмаслик билан боғлиқлигини таъкидлаган.
Аввалроқ, Россия ҳукумати чет эллик ишчилар учун рус тили, тарихи ва қонунчилиги асосларини билишнинг минимал даражасига қўйиладиган талабларни тасдиқлаганди.
LiveБарчаси