Россияда мигрантлар учун янги талаблар белгиланди
Олам
−
03 Июнь 2021
11556Россия ҳукумати чет эллик ишчилар учун рус тили, тарихи ва қонунчилиги асосларини билишнинг минимал даражасига қўйиладиган талабларни тасдиқлади. Ҳужжат Россия ҳуқуқий ахборот сайтида эълон қилинди.
Унга кўра, мигрантлар ижтимоий-маиший ва баъзи профессонал мавзуларда эркин суҳбатлаша олиши керак. Хусусан, бу ишга қабул қилишга, шифохонадаги маслаҳатлашувга ва полицияга мурожаат қилишга тааллуқли. Шунингдек, уларга зарур ҳужжатлар ва аризани тўлдиришни билиш мажбурий қилиб қўйилди.
Россия тарихи бўйича имтиҳонни топширишда чет элликларнинг асосий воқеалар, энг йирик шаҳарларнинг номлари ва йирик давлат байрамлари ҳақидаги билимлари синовдан ўтказилади.
Бундан ташқари, улар мамлакатда бўлган вақтида ўзларининг асосий ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятлари билан танишишлари керак.
Ушбу талаблар, баъзи бир истиснолардан ташқари, Россияда вақтинча яшашни режалаштирганларга ҳам тегишли.
Аввалроқ, ички ишлар вазирлиги МДҲ мамлакатларидан келган ноқонуний мигрантлардан РФдан 2021 йил 15 июнгача чиқиб кетишни талаб қилганди.