Россия Марказий Осиёга олақараш қила олмайди, чунки Туркия ва Хитой Ғарбдек субутсиз эмас – Алишер Қодиров

Жамият

image

Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари, “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси Захар Прилепиннинг собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сургани Ўзбекистонда норозилик ва кенг мунозараларга сабаб бўлмоқда. Ўзбекистонлик фаоллар ва депутатлар бу борада ўз муносабатларини эълон қилмоқда. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикери ўринбосари Алишер Қодиров ҳам Прилепиннинг даъвосига жавоб қайтарди. Бу ҳақда у ижтимоий тармоқдаги саҳифасида пост қолдирди.

Қодиров ўз баёнотида бу унинг норасмий муносабати эканини қистириб ўтган. 

“Россия Марказий Осиё билан конструктив муносабатларга мажбур, бошқа йўли йўқ. Лекин совет даври соғинчини эплаш осон бўлмаяпти, атайлаб ёки билмасдан норасмий давралар буни кўрсатиб қўймоқда”, дейди Алишер Қодиров.

Унинг айтишича, Ғарбнинг “тарқоқ, қўрқоқ ва худбин” сиёсатини қўл келишидан умидвор бўлган Россия, Украинадаги муваффақият орқали совет мақсадини расмий сиёсатга айлантирмоқчи бўлган. Бироқ бу амалга ошмаган. Лекин Россия иккиламчи мақсадига эришган, яъни Ғарбга ҳамкор сифатида ишонч кескин заифлашган. 

“Бундан кейин Россия Марказий Осиёга олақараш қила олмайди, чунки Туркия ва Хитой Ғарбдек субутсиз эмас. Буни Қозоғистонда амалда кўрдик. Рус “перепёлка”лари эса, хомхаёл билан Украинада бўлганидек руспарастлардан умидвор бўлаётган бўлиши мумкин, лекин ишонинг, Украина воқеалари бундайларни ҳам сонини деярли йўққа чиқарди”, дейди Қодиров.

Унинг фикрича, рус жамоатчилигида ортиб бораётган босқинчи-шовинистик, норасмий чиқишларига чалғимаслик, барча имкониятларни ишончли ҳамкорлар билан иқтисодий ва маънавий қудратимизни оширишга қаратиш зарур. 

“Ўзбекистон учун ишончли бўлиш, расмий Россиянинг муҳим мақсади эканлигига шубҳа қилмайман, биз ҳам табиий ҳамкоримиз ҳисобланган Россияга ишончни камайишидан ютмаймиз, лекин норасмий бўлса ҳам, рус жамоатчилигида ортиб бораётган бетоқат шовинистик кайфият давлатларимиз орасидаги ўзаро ишончни асл мақсадларимизга уйғун бўлмаган масофага узоқлаштираётганини ҳам рад этиб бўлмайди”, дея хулоса қилган Қодиров.

Эслатиб ўтамиз, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Иномжон Қудратов Прилепиннинг баёнотига муносабат билдираётиб, “Ақлсиз дўст ақлли душмандан ёмонроқдир”, нақлини эслатганди. Табиат ресурслари вазирининг маслаҳатчиси, жамоатчилик фаоли Расул Кушербоев эса Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ҳам мазкур вазиятдан норозилик билдириб, Россияга расмий нота юбориши кераклигини таъкидлади. “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши раиси ўринбосари Миродил Абдураҳмонов ҳам бу бўйича муносабат бериб, Киевни эгаллаш Россия учун орзулигича қолишини айтди. “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати раиси, Олий Мажлис депутати Бобур Бекмуродов эса Прилепиннинг бундай ҳаракати на Ўзбекистон, на Россия қонунчилигига тўғри келмаслигини эслатди. Яна бир  депутат Умида Раҳмонова эса бир давлатнинг суверенитет ҳуқуқини бошқа давлатларга нисбатан бузишни ғирт иккиюзламачилик деб атади.Россиянинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Олег Малгинов Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Россия Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили Мария Захарова Прилепиннинг баёнотлари унинг шахсий фикри бўлиб, Россия Федерациясининг расмий позициясини узоқдан ҳам акс эттирмаслигини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Ўзбекистон Алишер Қодиров Захар Прилепин

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг