Россия “Крокус” терактини фош қилишда Ўзбекистондан ёрдам олаётгани айтилди
Олам
−
24 Май
33191“Крокус Сити Ҳолл”даги терактга алоқадорликда гумон қилинган 20 дан ортиқ киши ҳибсга олинди. Бу ҳақда Россия Федерал хавфсизлик хизмати директори Александр Бортников Бишкекда очилган МДҲга аъзо давлатлар хавфсизлик идоралари ва махсус хизматлари раҳбарлари кенгаши йиғилишида маълум қилди.
“Маълумки, жорий йилнинг 22 март куни Москва вилоятидаги “Крокус Сити Ҳолл”да даҳшатли террорчилик ҳаракати содир этилди. Юзлаб бегуноҳ одамлар, жумладан аёллар ва болалар ҳалок бўлди”, дейди у.
Бортниковнинг қайд этишича, ҳозирда жиноятга алоқадор шахсларнинг бутун доирасини аниқлаш ишлари кетмоқда. 20 дан ортиқ одам ҳибсга олинган, улар орасида бевосита жиноятчилар ва уларнинг шериклари ҳам бор.
У Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистондан келган ҳамкасблари Федерал хавфсизлик хизмати терговига ёрдам бераётганини урғулади.
“Аниқланишича, террорчиларнинг тайёргарлиги, молиялаштирилиши, ҳужуми ва чиқиб кетиши Афғонистон-Покистон ҳудудида жойлашган “Вилояти Хуросон” гуруҳи аъзолари томонидан интернет орқали мувофиқлаштирилган. Терактнинг тўрт нафар иштирокчисидан икки нафари ҳужумдан бироз аввал Туркиядан Россияга келган”, дейди у.
Бортниковга кўра, ҳужум якунида террорчилар Украина чегарасига ўтиш тўғрисида аниқ буйруқ олган, у ерда ўша томондан қочиш учун дарча тайёрланган.
Маълумот учун, “Крокус Сити Ҳолл”даги теракт жорий йилнинг 22 март куни содир бўлган – қуролли шахслар концерт залига бостириб кириб, одамларга қарата ўқ узишни бошлаган. Улар бинога ўт қўйиб, қочиб кетган. Теракт оқибатида 145 киши ҳалок бўлди, 550 дан ортиқ киши жароҳатланди. Ҳужум учун жавобгарликни ИШИДнинг "Вилояти Хуросон" гуруҳи ўз зиммасига олди.
LiveБарчаси