Россия Харьковдаги тураржойга зарба берди. Қурбонлар бор
Олам
−
18 Август 3209 1 дақиқа
Бугун, 18 августга ўтар кечаси Россия дронлари Украинанинг Харьков вилояти Индустриальний туманидаги беш қаватли тураржой биносига зарба берди. Оқибатда 7 киши ҳалок бўлган. Бу ҳақда вилоят ҳарбий маъмурияти раҳбари Олег Синегубов хабар берди.
Синегубовга кўра, бинога “Геран-2” туридаги тўртта дрон ҳужум қилган. Биринчи, учинчи ва бешинчи қаватдаги хонадонлар ёниб кетган, уйнинг баъзи қаватлари қисман қулаб тушган. Харьков мэри Игор Тереховга кўра, 7 кишининг ҳалок бўлгани аниқланган, улар орасида бир оила – ота-она, буви, 16 ёшли ўсмир ва 1,5 ёшли бола ҳам бор. Шунингдек, 18 киши жароҳат олган. Шу уйда яшовчи бир нечта фуқаро бедарак йўқолган.
“Харьковга эрталабки террорчилик ҳужуми оқибатида вайроналар остидан яна бир қурбоннинг жасади чиқариб олинди. Энди ҳалок бўлганлар сони еттига етди”, деб ёзди Терехов.
Синегубовнинг айтишича, улар вайроналар остида бўлиши мумкин, қутқарув ишлари давом этмоқда. Кейинроқ, Россия дронлари ва “Искандер-М” ракетаси ҳужуми оқибатида жароҳат олганлар 30 кишига етган. Шаҳарда 19 та кўп қаватли уй ва 25 та автомобиль шикастланган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 18 августга ўтар кечаси Россия Украинанинг Одесса шаҳридаги инфратузилма объектига, хусусан, Озарбайжон компаниясига тегишли SOCAR компаниясига зарба берганди.
Live
Барчаси