Россия Канадага қарши санкциялар жорий қилди
Олам
−
22 Апрель 2022
11304Россия 61 нафар Канада фуқаросига, жумладан, юқори мартабали ҳукумат амалдорлари, фаол ва нафақадаги ҳарбийлар, экспертлар ҳамжамияти ва оммавий ахборот воситалари вакилларига нисбатан санкциялар жорий қилмоқда. Бу ҳақда кеча, 21 апрель куни Россия ТИВ маълум қилди.
“Расмий Оттава томонидан доимий равишда жорий этилган Россияга қарши санкцияларга, жумладан, Канадага киришни тақиқлаш ва Россия расмийлари, ҳарбийлари, экспертлари ва журналистларига нисбатан бошқа камситиш чораларига жавобан яна бир гуруҳ Канада фуқаролари доимий асосда “стоп рўйхати”га киритилди.”, дейилади Россия Ташқи ишлар вазирлиги баёнотида.
ТИВнинг таъкидлашича, кўрсатилган шахслар (61 киши), жумладан, юқори мартабали давлат амалдорлари, фаол ва истеъфодаги ҳарбий хизматчилар, экспертлар ҳамжамияти ва етакчи оммавий ахборот воситалари вакиллари Канададаги ҳукмрон режимнинг русофобик йўналишини ишлаб чиқиш, асослаш ва амалга оширишда бевосита иштирок этган ва шу сабабдан Россия Федерациясига кириши тақиқланган.
Баёнотда “яқин келажакда Канада ҳукуматининг Киевдаги режимни қўллаб-қувватловчи душманона ҳаракатларига жавобан Россия “стоп рўйхати”ни яна кенгайтириши қўшимча қилинган.
Бундан олдин Россия 29 нафар америкаликка санкция жорий қилганди. Уларнинг орасига Марк Цукерберг, Камала Харрис, Жон Кирби ва бошқалар кирганди.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ, Европа Иттифоқи, Канада ва бошқа давлатлар февраль ойи охирида Украинадаги уруш фонида Россияга қарши санкциялар жорий қила бошлади. Молиявий ва ҳарбий-саноат соҳаларидаги ўнлаб Россия компаниялари ва олигархлар чекловлар остида қолди.
Март ойи бошида АҚШ Президенти Жо Байден россиялик олигархларнинг жиноятларини тергов қилиш бўйича гуруҳ ташкил этилишини эълон қилди. У Америка ва Европа расмийлари “йўл-йўлакай орттирилган бойлик” ортидан келишлари, яхталари, ҳашаматли уйлари, шахсий самолётларини тортиб олишлари ҳақида огоҳлантирди.
Эртаси куни АҚШ 19 нафар тадбиркор ва мансабдор шахслар ҳамда уларнинг 47 нафар оила аъзоларига нисбатан санкциялар киритди. Оқ уй чекловларга сабаб сифатида “Президент Владимир Путиннинг Украинага шафқатсиз бостириб киришида уни қўллаб-қувватлагани”ни келтирди.
АҚШ “Транснефть” раҳбари Николай Токарев, Борис ва Аркадий Ротенберглар, “Ростех” раҳбари Сергей Чемезов, ВЭБ.РФ раҳбари Игорь Шувалов, Евгений Пригожин, USM Holdings асосчиси Алишер Усмонов ҳамда уларнинг бир қатор компаниялари ва қариндошларининг активларини музлатиб қўйди.
9 март куни Европа Иттифоқи 14 нафар россиялик тадбиркор ва уларнинг оила аъзоларига нисбатан чекловлар жорий қилди. Кейинчалик Буюк Британия ҳам қўшимча санкциялар киритди.
6 апрель куни Америка Қўшма Штатлари Россия Президенти Владимир Путиннинг вояга етган фарзандлари, Россия Бош вазири Михаил Мишустин ва Россия Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведевга нисбатан санкциялар жорий қилишини эълон қилди.
7 апрель куни Австралия Россия элитасининг 67 вакилига қарши санкция киритди. Швейцария эса Россиянинг 8 миллиард доллардан ортиқ активларини блоклади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь