Россия қўшинларини ЛХР ва ДХР ҳудудига жойлаштирадими?
Олам
−
22 Февраль 2022
7858Россия Президентини Матбуот котиби Дмитрий Песков Кремль тинчликпарвар кучларининг ЛХР ва ДХР ҳудудига жойлаштирилиши ҳақидаги маълумотни тасдиқламади. Унга кўра, бу қарор вазиятдан келиб чиқиб қабул қилинади.
“Йўқ, мен бу маълумотни тасдиқлай олмайман. Мен бу ҳақда ҳеч нарса билмайман. Россия қўшинларининг ДХР ва ЛХРга жойлаштириш тўғрисидаги қарор вазиятдан келиб чиқиб, мақсадга мувофиқликдан келиб чиқиб, Россия Президенти ва республикалар раҳбарлари томонидан қабул қилинади”, деган у.
Песковнинг таъкидлашича, асосий мақсад Украина қуролли кучлари томонидан доимий равишда провокация ва агрессив ҳаракатларга дучор бўлаётган ЛХР ва ДХР аҳолисининг ҳаётини сақлаб қолиш ва хавфсизлигини таъминлашдир.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 21 февраль куни Россия Президенти Владимир Путин Кремлда Украина шарқидаги ўзини мустақил деб эълон қилган Луганск халқ республикаси (ЛХР) ва Донецк халқ республикасини (ДХР) тан олиш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Кейинроқ Путин Ташқи ишлар вазирлигига ДХР ва ЛХР билан дипломатик алоқалар ўрнатиш, Мудофаа вазирлигига эса ўз ҳудудларида тинчлик сақланишини таъминлаш бўйича топшириқ берди. Президент фармонларидан бирининг матнида таъкидланишича, ҳарбий идорага дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома тузилгунга қадар "Россия Федерацияси Қуролли Кучлари томонидан Донецк Халқ Республикаси ҳудудида тинчликпарварлик функцияларини амалга ошириш” топширилган.
Путиннинг фавқулодда қарори ортидан АҚШ Президенти Жо Байден айрим шахсларнинг мулкини блоклаш ва айрим операцияларни тақиқловчи фармон қабул қилди. Ҳужжат ДХР ва ЛХРга сармоя киритишни, шунингдек, ушбу минтақалардан ҳар қандай товарлар, хизматлар ёки технологияларни Қўшма Штатларга импорт қилишни тақиқлайди.
Бундан ташқари, ушбу фармон ўзини мустақил деб эълон қилган республикаларда ҳаракат қилишга қарор қилган ҳар қандай шахсга нисбатан жазо чораларини қўллаш имконини беради.
Қўшма Штатларда жойлашган ёки кейинчалик АҚШга кирадиган, ДХР ва ЛХР билан боғлиқ шахсларга тегишли бўлган барча мулк ва мулкдаги улушлар блокланади.
АҚШ бугун, 22 февраль куни Донецк ва Луганск халқ республикаларини тан олгани учун Россияга нисбатан чеклов чораларини жорий қилади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь