Россия қўшинлари Харьков вилоятида ҳужум тактикасини ўзгартирди – ISW
Олам
−
15 Май
11730Россиянинг Харьков вилояти шимолидаги ҳужум операциялари суръати сўнгги 24 соат ичида секинлашди. Бу ҳақда Америка урушни ўрганиш институтининг (ISW) ҳисоботида сўз боради.
Таҳлилчиларнинг фикрига кўра, Россия қўшинларининг ҳужумкор фаолиятининг табиати Харьков вилоятига чуқурроқ кириб бориш эмас, балки чегара ҳудудида буфер зонани яратишга устуворлик берилгани ҳақидаги баҳолашга мос келади.
Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси бошлиғи Кирилл Буданов 14 май куни Харьков вилоятида Украинанинг қўшимча бўлинмалари жойлаштирилгани ва улар томонидан мудофаа ҳаракатлари бошланганидан кейин вазият барқарорлаша бошлаганини айтди.
ISW’нинг ҳар икки томондаги манбалари Россия қўшинлари янги тактикаларни қўллаётгани – кичик ҳужум гуруҳлари (беш кишидан кўп бўлмаган) ёрдамида Украина позицияларига кириб бориши, шундан сўнг улар бошқа кичик гуруҳлар билан бирлашиб, йирикроқ зарба гуруҳларини ташкил этишини айтди.
“Бироқ, кичик ҳужум гуруҳларидан фойдаланиш катта йўқотишларга олиб келиши ва ҳужумнинг умумий суръатини секинлаштириши мумкин”, деб ёзади ISW.
Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Анатолий Баргилевичнинг таъкидлашича, биргина сўнгги 24 соат ичида Россия қўшинлари бу йўналишда 1740 нафаргача аскарини йўқотган. ISW’га кўра, у бу рақамни мустақил равишда тасдиқлай олмайди, аммо қурбонлар сони 14 майда кузатилган ҳужум операцияларининг умумий секинлашувига мос келиши мумкин.
“Ҳужум суръати нисбатан паст бўлиб қолса, Россия кучлари ҳудудда олдинга силжиш ўрнига, янги позицияларни қўлга киритиш ва чегара ҳудудида буфер зона яратишга эътибор қаратади”, дея хулоса қилади экспертлар.
Эслатиб ўтамиз, 10 май куни Россия ҳарбийларининг Харьков вилояти чегарасига ҳужуми бошланганди. Президент Владимир Зеленский Ғарбдаги ҳамкорларини Украина ҳимоячиларига ваъда қилинган қуролларни ўз вақтида етказиб беришда қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирди. АҚШ Президенти Жо Байден эса Киевга 400 миллион долларгача ҳарбий ёрдам ажратиш ҳақидаги фармонни имзолади. Шунингдек, АҚШ Давлат департаменти Украинага учта HIMARS қурилмасини зудлик билан сотишга рухсат берди. Буюк Британия Мудофаа вазирлиги эса Украинага уруш бошланганидан бери энг катта ҳарбий ёрдам пакетини тақдим этишини эълон қилди. Ёрдамнинг навбатдаги партияси тўрт миллион ўқ-дори, 1600 дан ортиқ зарба берувчи ва зенит-ракеталар, шунингдек, 400 та техника, жумладан, 162 та зирҳли техника ва 78 та ерусти техникасидан иборат бўлади. Зеленский эса 14 май куни АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен билан учрашувда Харьков ва минтақани ҳимоя қилиш учун ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари, хусусан Patriot зарурлигини айтди.
Американинг “Politico” нашри Россия қўшинларининг Харьков вилоятидаги ҳужуми уруш натижаси учун бурилиш нуқтаси бўлиши мумкин бўлган ҳал қилувчи жангнинг бошланиши эканини ёзди.
LiveБарчаси