Россия қулаган самолёт учун Озарбайжонга бадал тўлади

Олам

image

2024 йилнинг декабрида Қозоғистонда Озарбайжон ҳаво йўлларининг (AZAL) Embraer 190 самолёти ҳалокатга учрагани учун Россиянинг “АльфаСтрахование” суғурта компанияси AZAL’га самолётнинг тўлиқ суғурта қиймати – 1 миллиард 3 миллион рубль (тахминан 12,34 миллион доллар) тўлаб берди. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирликнинг иддао қилишича, AZAL’дан ташқари жабрланган ва ҳалок бўлганлар учун ҳам товон пуллари тўлаб берилган. Бортда бўлган 62 йўловчидан 46 нафарининг даъволари тўлиқ қондирилган: улар орасида Россиянинг 7 фуқароси, Озарбайжоннинг 35 фуқароси, Қирғизистоннинг 3 фуқароси ва Қозоғистоннинг 1 фуқароси бор.

Бугунги кунга қадар жабрланганлар ва ҳалок бўлганларнинг қариндошларига жами 358,4 миллион рубль (тахминан 4,4 миллион доллар) тўлаб берилган. Ташқи ишлар вазирлигига кўра, тўлиқ келишув учун компенсация миқдорлари бўйича ишлар давом этмоқда.

Embraer самолёти 2024 йилнинг 25 декабрь куни Баку–Грозний рейсини амалга ошираётиб, Қозоғистоннинг Ақтау шаҳри яқинида ҳалокатга учраган эди. Фожиа оқибатида 38 киши ҳалок бўлган, 29 киши тирик қолган. 
Озарбайжон томони самолёт Россия Ҳаво мудофааси кучлари томонидан уриб туширилганини даъво қилган. Бу воқеа Москва ва Баку муносабатларида кескин нуқтага олиб келди. Президент Илҳом Алиев айбдорларни жазолаш ва ҳалок бўлганларнинг оилаларига, шунингдек, AZAL’га ҳам товон тўланишини талаб қилган эди.

ОАВда Россия Ташқи ишлар вазирлигининг ушбу баёноти турлича талқин қилинмоқда. Масалан, Туркиянинг “Anadolu” нашри самолёт Россия томонидан нишонга олингани учун ҳам зарарлар тўлаб берилганини ёзади. Ҳозирча, ҳолат юзасидан якуний ва аниқ хулосалар мавжуд эмас. Самолётнинг қандай ҳалокатга учрагани ҳақидаги охирги хулосалар жорий йилнинг декабрь сўнгигача эълон қилиниши кутилмоқда. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ AZAL воқеасидан кейин ҳалигача Россия билан яқинлашишни хоҳламаётган Алиев “Al Arabiya” нашрига берган интервьюсида мамлакати Россия билан муносабатларнинг ёмонлашуви учун масъул эмаслиги ва ҳеч қачон тажовуз ёки ҳурматсизлик белгиларига чидамаслигини таъкидлаганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Озарбайжон AZAL Embraer 190

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг