Россия Қозоғистонни “фирибгарлик”да айблади
Олам
−
30 Октябрь
6467Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати (Росселхознадзор) Қозоғистондан карантин остидаги маҳсулотларни етказиб беришнинг ноқонуний йўлларини аниқлади. Бу ҳақда Росселхознадзор матбуот хизмати хабар берди.
Унга кўра, Қозоғистон агросаноат мажмуасидаги давлат инспекцияси қўмитаси Россияга экспорт қилиш учун фитосанитария сертификатларини расмийлаштиришда ташқи иқтисодий фаолият билан шуғулланмайдиган 100 дан ортиқ фирмаларнинг реквизитларидан ноқонуний фойдаланган.
Росселхознадзорнинг фикрича, Қозоғистоннинг бу ҳаракатлари солиқлардан қочиш учун қилинган. Ноқонуний ҳаракатлар мамлакатлар ўртасидаги қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг товар айланмасининг реал эмаслигини кўрсатади.
“Яроқсиз ҳужжатлардан фойдаланган ҳолда икки йил ичида Қозоғистон 120 минг тоннадан ортиқ ўсимлик маҳсулотларини олиб кирди. Умуман олганда, 260 минг тонна мева-сабзавот маҳсулотлари белгиланган жойларда текшириш учун тақдим этилмаган”, дейилади хабарда.
Билдирилишича, бу борада Росселхознадзорга Россия корхоналаридан юздан ортиқ мурожаатлар келиб тушган.
30 октябрь куни Росселхознадзор раҳбарияти Қозоғистон Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари Ермек Кенжеханули билан аниқланган қоидабузарликлар юзасидан видео алоқа форматида музокаралар ўтказиши кутилмоқда. Росселхознадзор вакилларининг таъкидлашича, Қозоғистон томони Россия идораси томонидан юборилган 30 та хатни жавобсиз қолдирган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Россия Қозоғистонни Евросиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) шартномасидаги транзит ташувлари бўйича ягона тарифлардан фойдаланиш тамойилини бузганликда айблаганди. Қозоғистон томони маълумотига кўра, тариф шартларини ўзгартириш иқтисодий жиҳатдан асосланган харажатларни қоплаш ва темирйўл инфратузилмасини ривожлантириш зарурати билан боғлиқ. Бу ўзгартириш ЕОИИ шартномаси ҳамда Қозоғистон Республикаси миллий қонунчилигига зид эмас. Шунингдек, Россия Ветеринария ва фитосанитария назорати бўйича федерал хизмати Қозоғистондан буғдой, ясмиқ, зиғир уруғи, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ва гулларни ҳам мамлакатга олиб киришга вақтинчалик тақиқ қўйган.
Муҳаммад Ҳодиев
LiveБарчаси
30 Октябрь