Россия Қорабоғдаги тинчликпарварлик ҳаракати харитасини янгилади
Олам
−
13 Декабрь 2020
6003Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги сайтида Тоғли Қорабоғдаги тинчликни сақлаш операциясининг янгиланган харитаси пайдо бўлди.
Янги таҳрирда “Жанубий” жавобгарлик зонасида собиқ Тоғли Қорабоғ автоном вилоятининг жануби-ғарбий қисмида жойлашган Хинтаглар (Хин Тахер) қишлоғи мавжуд.
Сулҳ тузилгандан кейин Хин Тахер Арманистон назорати остида қолди. Аваалроқ ушбу ҳудудда Арманистон ва Озарбайжон ҳарбийлари ўртасидаги қуролли тўқнашувлар ҳақида хабар берилган эди.
Арманистон Бош вазири Никол Пашиняннинг таъкидлашича, Россия тинчликпарвар кучлари келганидан кейин Хинтаглар (Хин Тахер) ва бошқа Хцаберд қишлоғи яқинидаги жанглар тўхтаган. Унинг сўзларига кўра, ушбу аҳоли пунктларининг айрим қисмлари Озарбайжон махсус кучлари бўлинмалари назоратига ўтган.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.
Арманистон Мудофаа вазирлиги 12 декабрь шанба куни Озарбайжон Қуролли кучлари сулҳни бузиб, Тоғли Қорабоғда ҳужумга ўтганини маълум қилди.
Баёнотга кўра, ҳужум Эски Тоғлар ва Хцаберд аҳоли пунктлари йўналишида бошланган. Вазирлик арман ҳарбийлари ҳужумни қайтариш учун тегишли чораларни кўраётганини таъкидлаган.
Ҳадрутдаги отишма билан боғлиқ воқеадан сўнг, Россия тинчликпарвар кучлари можаро томонларини сулҳга тўлиқ риоя қилишга чақирди.
Россия Федерациясида амалий ташриф билан бўлган Арманистон Мудофаа вазири Вагаршак Арутюнян россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан учрашувда Тоғли Қорабоғнинг Ҳадрут минтақасида ўт очишни тўхтатиш режимининг бузилишини муҳокама қилди.
Кейинчалик, Озарбайжон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Давлат хавфсизлик хизмати бўлаётган воқеалар юзасидан қўшма баёнот берди.