Арманистон ва Россия Мудофаа вазирлари Қорабоғ сулҳининг бузилишини муҳокама қилди

Олам

image

Россия Федерациясида амалий ташриф билан бўлган Арманистон Мудофаа вазири Вагаршак Арутюнян россиялик ҳамкасби Сергей Шойгу билан учрашувда Тоғли Қорабоғнинг Ҳадрут минтақасида ўт очишни тўхтатиш режимининг бузилишини муҳокама қилди. Бу ҳақда Арманистон Ҳарбий департаменти матбуот хизмати хабар берди.

“12 декабрь куни Озарбайжон Қуролли Кучлари 9 ноябрдаги уч томонлама баёнот талабларини бузган ҳолда, қўшимча ходимлар, ҳарбий техника ва оғир артиллерия тўплаб, тан олинмаган Тоғли Қорабоғ республикасининг Хадрут минтақасидаги Хин Тагер ва Хцаберд қишлоқларига зарба берди. Мудофаа вазири Вагаршак Арутюнян Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу билан учрашувда ушбу масалани муҳокама қилди”, дейилади хабарда.

Арманистон Мудофаа вазирлигининг қайд этишича, Озарбайжон кучлари Хин Тагер қишлоғига киришга, шунингдек Хцаберд қишлоғига яқинлашишга муваффақ бўлган.

“Озарбайжон провокацияси оқибатида Арманистон томонидан олти киши жароҳат олди, душман тарафда ҳам йўқотишлар ва ярадорлар бор”, дейилади хабарда.

Баёнотда келтирилишича, Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон томонининг провокациясини қатъиян қоралайди. Унга кўра, Арманистон, Россия ва Озарбайжон раҳбарлари томонидан имзоланган жанговар ҳаракатларни тўхтатиш тўғрисидаги битимнинг асосий талабига зид бўлган ҳозирги вазият “Россия Президентининг бевосита саъй-ҳаракатлари туфайли эришилган тинчликни хавф остига қўяди”.

Шунингдек, Ҳарбий департамент ҳозирги вақтда ҳам вазиятни ҳал қилиш ва томонларни аввалги ҳолатига қайтариш мақсадида Ҳадрут минтақасидаги Арманистон, Россия ва Озарбайжон ҳарбийлари ўртасида музокаралар олиб борилаётганини хабар қилмоқда.

Маълумот ўрнида, жорий йилнинг 9 ноябрь куни Россия ва Озарбайжон Президентлари Владимир Путин, Илҳом Алиев ҳамда Арманистон Бош вазири Никол Пашинян Тоғли Қорабоғдаги ҳарбий ҳаракатларни тўлиқ тўхтатиш тўғрисида қўшма баёнотни имзоладилар.

Кейинчалик, Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари Тоғли Қорабоғда ҳужумга ўтганини маълум қилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Арманистон Қорабоғ

Баҳолаганлар

139

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг