Россия Қорабоғда мағлуб бўлган Арманистонни тиклаш учун маблағ ажратди
Олам
−
19 Июнь 2021
4858Россия ҳукумати Арманистонга Озарбайжон билан можародан кейинги тиклаш ишларида ёрдам бериш учун 3,2 миллион доллар ажратди. Бу ҳақда Россиянинг Республикадаги элчихонасида маълум қилинди.
Таъкидланишича, гап Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастурининг (БМТ ТД) Тоғли Қорабоғдаги можародан кейин энг кўп зарар кўрган Арманистон минтақаларига ёрдам кўрсатиш лойиҳасини молиялаштириш ҳақида кетмоқда. Россия элчихонаси бу қарор тўғрисида Ереванга расман хабар бериб улгурган.
Дипломатик ваколатхонанинг таъкидлашича, Россия мунтазам равишда БМТ тузилмаларининг Арманистонни ҳар томонлама ривожлантиришга қаратилган ташаббусларини молиявий қўллаб-қувватлайди.
Соғлиқни сақлаш, таълим, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, Арманистон саноатининг рақобатбардошлигини ошириш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий офатларни бошқариш, энергия самарадорлигини ошириш соҳасидаги лойиҳаларни амалга оширишда бундай ёрдамнинг умумий миқдори 2010 йилдан бери қарийб 70 миллион долларни ташкил этган.
Аввалроқ, Арманистон Бош вазири вазифасини бажарувчи Никол Пашинян Арманистон Озарбайжоннинг тажовузкор сиёсати фонида Россия билан ҳарбий ва стратегик ҳамкорликни жиддий равишда чуқурлаштириши керак деган эди.
Маълумот ўрнида, Арманистонда ўтган йилнинг ноябрь ойида бошланган сиёсий инқироз фонида Бош вазир ва парламентда вакили бўлган партиялар раҳбарлари муддатидан олдин сайловлар ўтказишга келишиб олди. Жорий йилнинг 10 май куни бўлиб ўтган махсус йиғилишда депутатлар парламентни тарқатиб юборишни қонуний равишда амалга ошириш учун зарур расмиятчиликларга риоя қилди. Шундан сўнг, мамлакат Президенти Армен Саркисян муддатидан олдин сайловлар кунини жорий йилнинг 20 июнига белгилади. Пашинян ва унинг ҳукумати аъзолари сайловгача вазифа бажарувчи лавозимида ишлаб келмоқда. Унинг “Фуқаролик шартномаси” партияси бошқа кучлар билан блоклар тузишдан бош тортган ва сайловларда мустақил қатнашмоқда.
Мутахассисларнинг фикрига кўра, Пашиняннинг сайловдаги асосий рақибларидан бири Арманистоннинг собиқ Президенти Роберт Кочарян бўлади. У “Дашнакцутюн” ва “Қайта жонланаётган Арманистон” партиялари раҳбарлари Ишхан Сагателян ва Ваге Акопян билан биргаликда “Арманистон” блокини яратган.
Сайловда Арманистон Миллий хавфсизлик хизматининг собиқ раҳбари Артур Ванецяннинг “Родина” партияси билан блок тузган экс-президент Серж Саргсяннинг Республикачилар партияси ҳам иштирок этади. Шунингдек, парламент мухолифати — “Обод Арманистон” ва “Порлоқ Арманистон” партиялари ҳам сайловларда ҳеч қандай блокларга қўшилмасдан қатнашишларини эълон қилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь