Россия Бош прокурори Ўзбекистонга келди (видео)
Жамият
−
20 Ноябрь
7075Россия Бош прокурори Игорь Краснов амалий ташриф билан Тошкент шаҳрига келди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов хабар берди.
Қайд этилишича, Россия назорат агентлиги раҳбарининг ташрифи унинг ҳамкасби, Ўзбекистон Бош прокурори Ниғматилла Йўлдошевнинг таклифига биноан бўлиб ўтмоқда.
Россия прокуратураси хабарига кўра, Тошкентда прокуратура органлари раҳбарлари икки томонлама ҳамкорликнинг асосий масалаларини муҳокама қилади, фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва жиноятчиликка қарши курашиш механизмларини такомиллаштириш бўйича кейинги қўшма қарорларни ишлаб чиқиш бўйича фикр алмашади.
Игорь Красновни Россиянинг Ўзбекистондаги элчиси Олег Мальгинов ва Ўзбекистон Бош прокуратураси раҳбарияти кутиб олган.
Россия ва Ўзбекистон прокуратуралари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик бундан 10 йил аввал Тошкентда ШҲТга аъзо давлатлар Бош прокурорларининг 12-йиғилиши доирасида Россия ва Ўзбекистон Бош прокуратуралари ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганидан кейин бошланган. Икки давлат назорат идоралари раҳбарлари турли платформаларда ҳам икки томонлама, ҳам кўп томонлама форматда мунтазам учрашиб туради. Красновнинг 2021 йил сентябрь ойида Тошкентга ташрифи чоғида 2021-2023 йилларга мўлжалланган ҳамкорлик дастури имзоланган эди.
Идоралараро Россия-Ўзбекистон ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашга қаратилган навбатдаги ҳужжат 2024 йил апрель ойида Москва шаҳрида прокуратура органлари раҳбарлари томонидан тасдиқланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Бош прокурори Игорь Краснов Пхеньянга боргани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси