Россия бир кечада 50 дан ортиқ дронни уриб туширганини маълум қилди
Олам
−
05 Апрель
6931Бугун, 5 апрелга ўтар кечаси Россиянинг бешта ҳудудида 53 та дрон йўқ қилинди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, учувчисиз самолётлар Краснодар ўлкаси (6), Ростов (44), Саратов, Курск ва Белгород вилоятлари осмонида уриб туширилган. Ҳужум натижасида электр подстансияси шикастланган. Белгород ва Курск вилоятларида тунда ракета хавфи эълон қилинган. Шунингдек, Курск шаҳар марказий бозорида ҳамда вилоят болалар ва ёшлар ижодиётини ривожлантириш марказида ёнғин бошлангани айтилмоқда. Жабрланганлар ҳақида маълумот йўқ.
Саратов вилояти губернатори Роман Бусаргин Энгельс шаҳрида дронлар йўқ қилинганини маълум қилди. Шаҳар яқинида Россия Аэрокосмик кучларининг "Энгельс-2" авиабазаси жойлашган бўлиб, унда узоқ масофали авиатсия самолётлари жойлашган.
Маълумот учун, Украина Президенти Владимир Зеленский ўз видеомурожаатларидан бирида мамлакатда дрон ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлигини айтган.
"Уруш талаб қиладиган нарсани ҳарбий-саноат комплексимиз ишлаб чиқариши керак. Шубҳасиз, бу урушда дронлар ғалаба учун ҳал қилувчи сўзлардан бирини айтади ва бу Украина сўзи бўлиши керак. Украина дронлари – Украина ғалабаси”, деганди Украина раҳбари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Украина ҳарбийлари Россиянинг “Форпост” ҳужум ва разведкачи учувчисиз самолётини йўқ қилгани ҳақида маълум қилгандик.
Мадина Отабоева
LiveБарчаси