Россиянинг энг қиммат дронларидан бири уриб туширилди – Украина
Олам
−
02 Апрель
10070Украина ҳарбийлари Россиянинг “Форпост” ҳужум ва разведкачи учувчисиз самолётини йўқ қилди. Бу ҳақда кеча, 1 апрель куни Украина Жанубий ҳаво қўмондонлигининг Facebook'даги саҳифасида тегишли баёнот эълон қилинди.
Билдирилишича, дрон Қора денгизда Одесса зенит-ракета бригадаси томонидан уриб туширилган. Украина Ҳарбий-ҳаво кучлари қўмондонлиги воизи Илья Евлаш “Форпост” учувчисиз самолёти Россия Қуролли кучларида хизмат кўрсатишдаги энг қиммат қурилмалардан бири эканини, унинг нархи 7 миллион долларга баҳоланганини айтди.
Унинг сўзларига кўра, бу жуда катта дрон бўлиб, у разведка ишларини олиб боради, шунингдек, ердаги нишонларни уриш учун иккита ракета ёки бошқа қурол кўринишидаги қўшимча жанговар юкни кўтаради.
Украина Жанубий мудофаа кучлари матбуот котиби Наталья Гуменюкнинг айтишича, Россия ҳарбийлари А-50 узоқ масофага учувчи радар разведка самолётлари етишмовчилигини сездирмаслик учун разведкачи дронлардан тобора кўпроқ фойдалана бошлаган.
"Агар ўтган кун давомида биз Одесса вилоятидан Запорожьегача бўлган масъулият зонамизда 200 дан ортиқ разведка учувчисиз самолётларини кузатган бўлсак, бугунги кунда улар бироз камроқ. Аммо душман разведка ишларини давом эттирмоқда ва аниқки, у ҳаводаги А-50’ни шу тарзда қоплашга муҳтож”, дейди у телемарафонда.
Украина Президенти Владимир Зеленский эса кечки видеомурожаатида мамлакатда дрон ишлаб чиқаришни кўпайтириш зарурлигини яна бир бор таъкидлади.
"Уруш талаб қиладиган нарсани ҳарбий-саноат комплексимиз ишлаб чиқариши керак. Шубҳасиз, бу урушда дронлар ғалаба учун ҳал қилувчи сўзлардан бирини айтади ва бу Украина сўзи бўлиши керак. Украина дронлари – Украина ғалабаси”, дейди Зеленский.
LiveБарчаси