Россия билан музокаралар бўлади, аммо ультиматумларсиз – Кулеба
Олам
−
17 Июнь
8101Украина Ташқи ишлар вазири Дмитрий Кулебанинг айтишича, Украина Россия билан мулоқотга киришиши керак, лекин Кремль томонидан қўйилган ультиматумлар тилида эмас. Бу ҳақда “Украинская правда” нашри хабар берди.
“Биз Россия билан гаплашишимиз керак бўладиган вақт келишини ҳам яхши тушунамиз. Лекин бизнинг позициямиз аниқ: биз Россияга ҳозиргидек ультиматум тилида гапиришга йўл қўймаймиз”, дейди Ташқи ишлар вазири.
Унинг таъкидлашича, Путиннинг сўнгги ультиматуми саммитда ҳеч қандай қизиқиш уйғотмаган. Кулебанинг наздида Путиннинг таклифи шунчаки саммит арафасида ўзига хос PR тўлқинини яратиш учун ишлаб чиқилган.
Ташқи ишлар вазири, шунингдек, Тинчлик саммитидаги қўшма декларация устида иш якунланганини айтди. Келажакда унга бошқа давлатлар қўшилиши учун ушбу ҳужжат доим очиқ бўлади.
Аввалроқ Путин гўёки “тинчлик музокараларига тайёр”лигини айтган, бироқ бунинг учун Украина руслар томонидан босиб олинган ва Кремль Россия Федерацияси ҳудуди деб ҳисоблаган барча ҳудудлардан ўз қўшинларини олиб чиқиш шартини қўйган.
Украина Президенти Девони раҳбари маслаҳатчиси Михаил Подоляк Кремль раҳбарининг 14 июнь куни билдирган “тинчлик таклифлари”ни “стандарт тажовузлар тўплами” деб номлаган бўлса, Президент Владимир Зеленский ушбу “таклифлар”ни Кремль раҳбари Владимир Путиннинг урушни ўз шартларига кўра тугатиш ҳақидаги ультиматуми деб атади.
Эслатиб ўтамиз, Россия Президенти Владимир Путин 14 июнь куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбарияти билан учрашувда Украинага босқинни тўхтатиш шартини айтиб ўтганди.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15