Россия аскарлари Тоғли Қорабоғдан чиқиб кетяпти

Олам

image

Бугун, 17 апрель куни Россия тинчликпарвар кучлари Озарбайжон таркибидаги Тоғли Қорабоғ ҳудудидан чиқиб кета бошлади. Бу ҳақда Кремль воизи Дмитрий Песков маълум қилди.

Айрим Озарбайжон нашрларининг ёзишича, ушбу жараён 16 апрелдан бошланган. Аслида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев, Арманистон Бош вазири Никол Пашинян ва Россия давлат раҳбари Владимир Путиннинг 2020 йил 10 ноябрдаги уч томонлама келишувига асосан ушбу контингент 2025 йилгача минтақада қолиши керак эди. Бироқ Путин келишувлар қайта кўриб чиқилишини хоҳлаган.

Ижтимоий тармоқда сиздирилган тасдиқланмаган кадрларда Шимолий Кавказ ҳудудидан Россия байроғи остидаги ҳарбий машиналар карвони ҳаракатланаётгани кўрсатилган. Нашрлар қўшинлар кўчирилишини уларга зарурат қолмаганлиги билан изоҳлаган.

Маълумот учун, Россия тинчликпарвар кучлари Қорабоғ ҳудудига 2020 йил ноябрь ойида Арманистон ва Озарбайжон ўртасида юзага келган кескинликдан сўнг жойлаштирилган эди. Ўша пайтда рус контингенти ҳажми 2000 нафарга яқин ҳарбий хизматчи ва 90 та зирҳли транспорт воситасидан иборат бўлгани маълум қилинган.

2023 йил сентябрида Озарбайжон Тоғли Қорабоғни тўла эгаллаш учун махсус операция ўтказди. Оқибатда пойтахти Степанакерт бўлган тан олинмаган республика Баку қўлига ўтди. Унда яшаётган 100 мингга яқин этник арманлар Арманистонга кўчиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Франция Озарбайжондаги элчиси Анн Буайонни  маслаҳатлашувлар учун чақириб олгани ҳақида хабар бергандик.

Мадина Отабоева


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Россия Озарбайжон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг