Россия ҳеч қандай мажбурият олмаган – Лавров Одесса портига ҳужумни хаспўшлади

Олам 9282
image
-

Россия дон шартномаси бўйича Украинада “махсус ҳарбий операция”ни ўтказишни тақиқловчи мажбуриятларни ўз зиммасига олмади. Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Одесса портига уюштирилган ракета ҳужуми Истанбулда имзоланган келишувга зидлиги ҳақидаги фикрларга шундай муносабат билдирди.

“Сиз айтиб ўтган Одессада бўлиб ўтган эпизод ҳақида гапирадиган бўлсак, Россия ўз зиммасига олган мажбуриятларида, жумладан, 22 июль куни Истанбулда имзоланган келишувлар доирасида бизга “махсус ҳарбий операция”ни давом эттиришни, ҳарбий инфратузилмани йўқ қилишимизни тақиқловчи ҳеч нарса йўқ”, деган Лавров келишув имзоланганидан 24 соат ҳам ўтмай бандаргоҳга уюштирилган ҳужумни хаспўшлаб.

Лавров сўзида давом этиб, Одессадаги дон терминали ҳарбий объектлардан анча узоқда жойлашгани, Россия дон экспорти учун ҳеч қандай тўсиқ яратмаганини қўшимча қилган.

Эслатиб ўтамиз, Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.

Украина ТИВ  ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.

Маълумот учун, 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар ва Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Истанбулда тузилган шартномалар Одесса, Черноморск ва Южний портларидан дон экспортини бошлашни назарда тутади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 153
Рейтинг: 3
t
×