Кремль Одесса портига уюштирилган ҳужумга муносабат билдирди
Олам
−
25 Июль 2022
14092Украинанинг Одесса бандаргоҳига руслар томонидан берилган ракета зарбаси Россия маҳсулотларини экспортга етказиб бериш бўйича чекловларни бекор қилиш ва Россиянинг Украина донини экспорт қилишда ёрдам бериши тўғрисидаги ҳужжатлар доирасида ғаллани юклаш учун ишга солинган инфратузилмага ҳеч қандай шаклда таъсир кўрсатмаган. Россия Президентининг Матбуот котиби Дмитрий Песков Одесса портига уюштирилган зарбага изоҳ бериб, шундай фикр билдирди.
“Бу фақат ҳарбий инфратузилма билан боғлиқ. Бу келишувларни бажариш ва донни экспорт қилиш учун фойдаланиладиган инфратузилмага ҳеч қандай алоқаси йўқ. Шунинг учун, бу ҳеч қандай тарзда жўнатиш жараёнининг бошланишига таъсир қила олмайди ва таъсир қилмаслиги керак”, деган Песков.
Бундан олдин Россия Мудофаа вазирлиги мамлакат Ҳарбий-денгиз кучлари юқори аниқликдаги узоқ масофага учувчи ракеталар билан Одесса портидаги Украина ҳарбий кемасига ва Америка етказиб берган Harpoon ракеталари сақланадиган омборга зарба берилганини маълум қилганди.
Эслатиб ўтамиз, Украина Қуролли Кучларининг “Жануб” оператив қўмондонлиги 23 июль куни эрталаб Россия ҳарбийлари Одесса денгиз савдо портига “Калибр” ракеталари билан ҳужум уюштиргани ҳақида хабар берди.
Украина ТИВ ҳужумга муносабат билдириб, Россия ракетаси Владимир Путиннинг БМТ Бош котиби Антониу Гутерриш ва Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғаннинг юзига тупуриш, деб баҳолади.
Маълумот учун, 22 июль куни Туркиянинг Истанбул шаҳрида Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш, Туркия Миллий Мудофаа вазири Ҳулуси Акар ва Россия Мудофаа вазири Сергей Шойгу иштирокида “Дон йўлаги” ҳужжати имзоланди. Истанбулда тузилган шартномалар Одесса, Черноморск ва Южний портларидан дон экспортини бошлашни назарда тутади.
LiveБарчаси