Роналдуга Саудия клубига ўтиш учун космик маош таклиф қилинди

Спорт 30660
image
-

Португалия терма жамоаси ва “Манчестер Юнайтед” ҳужумчиси Криштиану Роналду фаолиятини Саудия Арабистони клубида давом эттириши мумкин. Бу ҳақда TVI ва “CNN Portugal” телеканаллари хабар берди.

Манбаларнинг қайд этишича, номи ошкор қилинмаган араб клуби раҳбари Роналдуга даҳшатли даражада катта маблағ таклиф қилган. Агар ушбу трансфер амалга ошадиган бўлса, “Манчестер Юнайтед” 30 миллион eвро агентлар эса 20 миллион eвро ишлаб олади. 37 ёшли футболчининг ўзига эса икки мавсум учун 250 миллион eвро маош берилади. Бироқ ҳозирча Роналду бу таклифни қабул қилиши ёки рад жавобини бериши ҳақида маълумот йўқ. 

Оммавий ахборот воситаларида янграётган фикрларга кўра, Криштиану “қизил иблислар”нинг мавсум олди машғулотларига бормаганлигининг сабаби – у бошқа клубга кўчиб ўтмоқчи. “Юнайтед” бош мураббийи Эрик тен Хаг Роналду унинг режаларида ўрин олганлигини таъкидлаган бўлса-да, матбуот ҳужумчи клубини алмаштириши ҳақида ёзмоқда. Португалиялик футболчига даъвогар сифатида “Челси”, ПСЖ ва “Бавария” каби клублар тилга олинаётган эди. Саудия Арабистони варианти кўпчилик учун кутилмаганда пайдо бўлди.

Маълумот учун, Роналду ўтган мавсумда “қизил иблислар” сафида 38 та ўйинда майдонга тушиб, 24 та гол уришга эришган. "Тransfermarkt" портали португалиялик иқтидор эгасини 35 миллион еврога баҳоламоқда.

Маъруф Абдумаликов

.
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 992
Рейтинг: 3
Теглар
t
×