Роналду ҳакамлар орасида йиқилишлари билан машҳур эди – Марк Халси

Спорт 5433
image

Англиялик футбол ҳаками Марк Халси 12 йиллик танаффусдан сўнг, МЮ сафида дублга эришган Криштиану Роналду иштирокидаги ўйинларни қандай ўтказганини айтиб берди. 

“Роналду ҳакамлар орасида йиқилишлари билан машҳур эди. У ҳар доим жарима зарбасини талаб қилган. Фаолиятим давомида унинг ўйинларида 18 маротаба ҳакамлик қилганман, бироқ иккита учрашувни аниқ эслайман. 

2007 йил декабрь ойи... “Энфильд”да “Ливерпуль” – “Манчестер Юнайтед” ўйинида қизиқ ҳолат юз берди. Ўйин бошланишидан аввал мен тангани ён ҳакамга топширдим. Роналду менинг ёнимда турганди. Мен унга арзимаган вазиятда ҳам йиқилаверса ҳуштак чалмаслигимни айтдим. Қийинчиликка дуч келмаслик учун аввалдан уни огоҳлантирдим. У менга қаради ва жилмайиб қўйди. Учрашувнинг дастлабки дақиқалариданоқ атайин қилгандек, контактлардан бирида ётиб олди ва жарима зарбаси талаб қилди. Мен эса унга бақириб, айтганларимни яна бир марта эслатдим. Роналду ипакка ўхшарди”, дейди Халси.

Нафақадаги ҳакам, Роналдунинг йил сайин ўсиб боргани ва характерига ҳам тўхталиб ўтди:

“Сэр Алекс Фергюсон ва унинг жамоаси Криштиануни “оёққа турғизиш” учун жуда кўп меҳнат қилганига шубҳа қилмайман. Ўтган йиллар давомида португалияликнинг жисмоний ҳолати уни кучли футболчига айлантирди ва АПЛга мослашди.

FIFA рефериси сифатида охирги халқаро ўйиним 2006 йил октябрь ойида Португалия ва Озарбайжон терма жамоалари ўртасидаги Европа чемпионати саралаш баҳси бўлди. Ўйиндан сўнг, Роналду ҳакамлар хонасига кириб, ўзининг имзоси туширилган футболка совға қилди ва мени олқишлади. Мен унинг яхши йигит эканлигини тушундим. Премьер лига баҳсларида кўп тортишганимизга қарамай, доимо яхши муносабатда эдик”.

Эслатиб ўтамиз, Криштиану Роналду “Манчестер Юнайтед”да ўтказган олти мавсуми давомида 292 та ўйинда майдонга тушиб, рақиблар дарвозасини 118 марта ишғол этган. “Манчестер Юнайтед” билан 3 марта АПЛ чемпионлиги ва Чемпионлар лигаси олтин медалини қўлга киритган.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 236
Рейтинг: 2.9
t
×