Рита Френч Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари таъминланиши қай аҳволдалигига баҳо берди

Жамият

image

Ўзбекистонда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ вазият қандай? Гендер тенгликни таъминлаш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш бўйича олиб борилган ишлар натижа бердими? Оғриқли мавзу бўлган сўз ва матбуот эркинлиги ташқаридан қараганда ҳам борми? Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича Элчиси Рита Френч Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати раиси Танзила Норбоева билан учрашувда юқоридаги масалалар бўйича муносабат билдирди. 

Онлайн-учрашув кеча, 21 январь куни бўлиб ўтди. Унда Буюк Британия ва Шимолий Ирландия Бирлашган Қироллигининг Ўзбекистон Республикасидаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Тимоти Торлоу ҳам иштирок этган.

Томонлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчиликни татбиқ этишдаги устуворликларни, икки давлат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик имкониятларини муҳокама қилган. 

Элчи Рита Френч мазкур соҳада кўрилаётган чора-тадбирларга юқори баҳо бериб, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилинганини қўллаб-қувватлаган

Шунингдек, коррупцияга қарши курашиш, гендер тенгликни таъминлаш, мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига барҳам бериш, қонунчиликни янгилаш бўйича ишлар ҳам ижобий баҳолангани айтилмоқда.

Сенат Матбуот хизматининг ёзишича, Рита Френч Ўзбекистонни БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига сайлангани билан қутлаб, Британия томони Инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашининг мақсад ва вазифаларини амалга оширишга кўмаклашишга тайёрлигини билдирган. 

Рита Френч Ўзбекистоннинг мазкур йўналишда қисқа муддатда эришган ютуқлари юксак баҳога лойиқ эканини қайд этган. Гендер тенглик ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш каби соҳаларда эришилган натижалар бунга яққол мисол бўла олади. Шунингдек, сўз ва матбуот эркинлигини таъминлашдаги ютуқлар ҳам қайд этилди.

“Мазкур соҳада олиб борилаётган ислоҳотлар ва кўрилаётган чора-тадбирлар жаҳон ҳамжамияти томонидан эътироф этилганини таъкидлаб, Буюк Британиянинг инсон ҳуқуқлари бўйича элчиси Рита Френч Ўзбекистон келгусида бу борадаги ишларини давом эттириши ҳамда бошқа мамлакатларга ўрнак бўлиши, ўз тажрибаси билан ўртоқлашишига умид билдирди.

Тимоти Торлоу Ўзбекистон парламенти билан инсон ҳуқуқлари ва гендер тенглик ҳамда хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш масалалари бўйича яқин ҳамкорликни таъкидлаб, Ўзбекистон Буюк Британиянинг Марказий Осиёдаги устувор шериги эканлигини қайд этди”, дейилади Сенат ахборотида. 


Мақола муаллифи

Теглар

Танзила Норбоева Рита Френч Тимоти Торлоу

Баҳолаганлар

49

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг