Римда АҚШ-Эрон музокараларининг 2-раунди якунланди

Олам

image

Бугун, 19 апрель куни Эрон ва АҚШ делегациялари ўртасида Италия пойтахти Римда бўлиб ўтган ядровий битим бўйича билвосита маслаҳатлашувларнинг иккинчи босқичи якунланди. Бу ҳақда “Mehr” хабар берди.

Нашрнинг маълумотларига кўра, маслаҳатлашувлар “режалаштирилганидек” якунланган.

“Буларнинг барчаси иккинчи раунд ҳам конструктив руҳда ўтганидан далолат беради”, дейилади хабарда.

Маслаҳатлашувлар Уммон элчиси қароргоҳида ўтказилган. Аввалроқ, Эрон ТИВ расмий вакили Исмоил Бағойи Италия пойтахтида билвосита музокаралар Уммон Ташқи ишлар вазири Бадр ал-Бусайдий воситачилигида ўтказилишини маълум қилганди.

Қайд этилишича, Эрон делегациясига Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи бошчилик қилган. Вазир италиялик мавқедоши Антонио Таяни билан ҳам музокара ўтказган. Қўшимча қилинишича, Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокараларнинг учинчи босқичи ўтказилиши ҳам мумкин.

Маълумот учун, жорий йилнинг 12 апрель куни Уммонда Теҳрон ва Вашингтон ўртасида Эрон ядровий дастури атрофидаги вазиятни ҳал қилиш учун Маскат воситачи сифатида билвосита музокаралар ўтказилганди. Эрон томонидан Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, АҚШдан эса Президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф иштирок этди.

Эрон Ташқи ишлар вазирлигининг хабарига кўра, учрашув конструктив ва тинч муҳитда ўтган. ТИВ маълумотларига кўра, Уиткофф ва Ароқчи музокаралар жойини тарк этиб, Уммон Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари иштирокида бир неча дақиқа суҳбатлашган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эронлик мавқедоши Аббос Ароқчи билан музокаралар якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Россия раҳбарияти АҚШ ва Эрон ўртасидаги ядровий келишув бўйича музокаралар жараёнига кўмаклашишга тайёрлигини билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Рим Аббос Ароқчи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг