Россия АҚШ ва Эрон ўртасидаги келишувга аралашмоқчи
Олам
−
18 Апрель
3953Россия раҳбарияти АҚШ ва Эрон ўртасида ядровий келишув бўйича музокаралар жараёнига кўмаклашишга тайёр. Бу ҳақда Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров эронлик мавқедоши Аббос Ароқчи билан музокаралар якунлари бўйича бугун, 18 апрель куни ўтказилган матбуот анжуманида сўз очди.
Унинг сўзларига кўра, Россия томонлар ўртасидаги ушбу келишувни қўллаб-қувватлайди.
“Албатта, Россия бу жараёнга кўмаклашишга тайёр ва Эрон Ислом Республикасининг қонуний манфаатларини ҳисобга оладиган келишувларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди”, деган Лавров.
Унинг қўшимча қилишича, Россия томони Эрон ва АҚШ ўртасидаги музокаралар жараёнида Теҳрон учун фойдали бўлган ҳар қандай ролни ўйнашга тайёр.
Маълумот учун, жорий йилнинг 12 апрель куни АҚШ ва Эрон ўртасида ядро дастури бўйича музокараларнинг биринчи босқичи Уммонда бўлиб ўтди. Эрон делегациясига Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи, АҚШ томонидан эса президентнинг махсус вакили Стив Уиткофф бошчилик қилди. Учрашув деярли уч соат давом этди, унда вакиллар Эрон ядро дастури ва Эрондан санкцияларни олиб ташлашни муҳокама қилди. Кейинроқ Уммон Ташқи ишлар вазирлиги Эрон ва АҚШ ўртасидаги Теҳрон ядровий дастури атрофидаги келишмовчиликларни ҳал қилиш бўйича музокараларнинг иккинчи раунди 19 апрель куни Римда бўлиб ўтишини маълум қилди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 апрель куни Эрон Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Москвада Россия Президенти Владимир Путин билан учрашган эди. Учрашувда Россия томонидан Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров ва Президент ёрдамчиси Юрий Ушаков, Эрон томонидан эса Эроннинг Россиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Козим Жалолий иштирок этган.
LiveБарчаси