Рим Папаси Озарбайжон ва Арманистон ярашувини олқишлади
Олам
−
10 Декабрь 2023
3798Рим Папаси Франциск Озарбайжон ва Арманистон ўртасида ўрнатилган алоқадан хурсанд эканини ва яқин орада тинчлик битими тузилишидан умидворлигини билдирди. У бу ҳақда анъанавий якшанба кунги маърузасида айтиб ўтган.
“Кўп сонли арман ва озарбайжон ҳарбийларининг озод этилганидан мамнунман. Мен Арманистон ва Озарбайжон муносабатлари учун буни ижобий "сигнал" деб ҳисоблайман. Томонлар ва уларнинг етакчиларини имкон қадар тезроқ тинчлик битимини тузишга чақираман”, деган католик черкови йўлбошчиси.
Эслатиб ўтамиз, 7 декабрь куни Озарбайжон Республикаси Президенти Администрацияси ва Арманистон Республикаси Бош вазири девони қўшма баёнот бериб, бир қатор келишувларга эришилганини маълум қилганди. Шу тариқа Озарбайжон 32 нафар арман аскарини, Арманистон эса ўз навбатида 2 нафар озарбайжонликни озод қилди.
Бундан ташқари, Арманистон БМТ Иқлим ўзгариши бўйича Конвенция (COP29) иштирокчиларининг 29-конференциясига мезбонлик қилиши учун Озарбайжон номзоди қўллаб-қувватлаганча ўз ходимини қайтариб олган эди. Озарбайжон эса Арманистоннинг Шарқий Европа гуруҳидан Конвенция Бюроси аъзолигига номзодини қўллаган.
Маълумот учун “Кавказда тинчликка ким қарши?” мавзусидаги таҳлилий видеони ҳам кўришингиз мумкин.