Бош прокуратура: Рембрандтнинг қимматли асари Маданият вазирлигига топширилди
Жамият
−
13 Март 2019
5154Бугун, 13 март куни Голландиялик машҳур рассом Рембрандт ван Рейн қаламига мансуб асар Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигига топширилди. Суратнинг топширилгани ва қабул қилингани тўғрисидаги далолатнома Бош прокуратура ва Маданият вазирлиги ўртасида тузилди.
Бош прокуратура томонидан 2014 йил 27 май куни Яккасарой тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан К.Й. га нисбатан Жиноят кодексининг 170-моддаси (алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан мулкий зарар етказиш) бўйича қўзғатилган жиноят иши юзасидан суриштирув ўтказилган.
Тергов томонидан аниқланишича, 2008 йил 28 август куни фуқаро А.П. ўз таниши бўлган К.Й.га рассом Рембрандт Ван Рейннинг муаллифлигидаги асарни 50 минг АҚШ долларига сотган. У ўз навбатида таниши бўлган Р.Ф. орқали асарни республика ташқарисига ноқонуний олиб чиқиб кетганлиги аниқланган.
2014-2018 йиллар даврида жиноят таркиби бўлмаганлиги ва жавобгарликка тортиш муддати тугаганлиги сабали жиноят иши бир неча марта тўхтатилган ва тугатилган.
Шундан кейин, фуқаро А.П. қабул қилинган қарорлардан норозилиги хақида Бош прокурор номига ариза билан мурожаат қилган.
Бош прокурор топшириғиға асосан ушбу жиноят иши Тошкент шаҳар ИИББ Тергов бўлимидан талаб қилиб олинган ва 2018 йил 4 июнь куни Бош прокуратуранинг ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармасининг иш юритувига берилган.
Ўта оғир жиноятларни тергов қилиш бошқармаси томонидан 2018 йил 14 июнь куни ўтказилган тезкор-тергов тадбирлар натижасида ушбу жиноят иши фош этилиб, Рембрандтнинг муаллифлик иши топилган.
Тергов натижаларига кўра, К.Й. ва Р.Ф. Жиноят кодексининг 182-моддаси 2-қисми (божхона тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш) ва 238-моддасининг 2-қисми (ёлғон гувоҳлик бериш) билан айбланувчи сифатида жалб қилинган ва 2018 йил 14 сентябрдаги жиноят иши айблов далолатномаси билан судга юборилган.
2018 йил 21 ноябрдаги жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судининг ҳукмига кўра, К.Й. ва Р.Ф. айбдор деб топилган, асар эса давлат даромадига ўтказилган.
Суд ҳукмининг ижросини таъминлаш мақсадида жорий йил 8 февраль куни Мажбурий ижро бюроси Яшнобод туман бўлими томонидан ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Мажбурий ижро бюроси Яшнобод туман бўлимининг 13 март кунидаги хатига асосан, рассом Рембрандт Ван Рейннинг муаллифлик иши махсус комиссия аъзолари иштирокида тегишли процессуал тартибда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлигининг масъул ходимларига тақдим этилган.
Маданият вазирлигининг бадиий экспертиза кенгаши томонидан таклиф қилинган хорижий экспертнинг хулосасига кўра, асар 8 миллиондан 15 миллион еврогача нархланади. Хорижий аукцион савдоларида эса картина қиймати 150 миллион еврогача кўтарилиши мумкин.
LiveБарчаси