Рекорд даражага етган Биткоин нархи “қулади”

Технология 7181
image

Биткоиннинг нархи бугун, 22 февраль куни рекорд даражадаги 58 354 долларга кўтарилганидан сўнг кескин тушиб кетди, чунки глобал даражада акцияларнинг сотилиши хавф “иштаҳа”сини пасайтирди. Бу ҳақда “Reuters” хабар бермоқда.

Нашрга кўра, бир неча кун давомида энг оммабоп криптовалюта рекорд даражага кўтарилиб, йил бошидан бери деярли икки бараварга ўсган ва 19 февраль куни бозор қиймати 1 триллион долларга етган.

Биткоиннинг ўсиши “Tesla Inc” ва “Mastercard Inc”дан тортиб “BNY Mellon”гача бўлган йирик сармоядорлар ва компаниялар томонидан тан олинаётгани билан боғлиқ.

Хабарга кўра, 22 февраль куни Биткоин нархи 6 фоизга тушиб кетган ва охирги марта 4,4 фоизга пастроқ бўлиб, 54 941 долларга тушган. 

Савдогарларнинг фикрига кўра, пасайиш асосан техник ҳодиса ва бирон бир янгилик катализаторига боғлиқ эмас.

Маълумот ўрнида, 2020 йил декабрь ойининг иккинчи ярмидан биткоин нархи кескин кўтарила бошлади. 16 декабрь куни криптовалюта 2017 йилдан бери энг юқори даража бўлиб сақланиб келинаётган 20 минг долларлик нархини янгилади. Ўшандан бери унинг нархи фаол равишда ўсиб келди.

Биткоин – бу блокчейн технологиясига асосланган, шу тизимда иштирок этувчи ҳар қандай фойдаланувчи томонидан “қазиб олиниши” (чиқарилиши) мумкин бўлган криптовалюта. Бунинг учун тизимнинг янги блокларини яратиш керак бўлади.

Тизимнинг концепцияси 2008 йил ноябрь ойида ўзини Сатоши Накамото деб таништирган муаллиф (балки, муаллифлар жамоаси) томонидан чоп этилган. Лекин биткоин машҳурлигининг энг юқори даражаси сўнгги йилларда қайд этилган. Ҳозирги пайтга келиб кўпгина биткоинлар аллақачон “қазиб олинган” ҳисобланади.

Фаррухжон Муродқулов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 215
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×